Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилишда рақамлаштириш: соҳага 15 электрон ахборот тизими жорий этилган
12:19 / 2023-12-23

Қурилиш тармоғини рақамлаштириш, транспорт, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларни рақамли трансформация қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. 

Қайд этилганидек, вазирликнинг рақамлаштириш йўналишидаги ишлари такомиллаштирилган. Хусусан, соҳага 15 электрон ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилган. 

Жумладан, “Шаффоф қурилиш”, “Рейтинг”, “Тендер”, “Қурилиш сифати назорати”, “Огоҳ фуқаро” ва “Менинг уйим” каби электрон ахборот тизимларидан юридик ва жисмоний шахслар кенг фойдаланиб келмоқда. 

“Менинг уйим” биллинг тизими республика ҳудудларида кўп квартирали уй-жой хизмат кўрсатиш жараёнига мажбурий бадал тўловларини автоматлаштирилган тарзда ҳисоб-китоб қилиш, онлайн тарзда электрон тўловни амалга ошириш, истеъмолчилар томонидан яшаётган уйи тўғрисида маълумот олиш имконини беради. 

Шу билан бирга, қўмита томонидан ўрганишларда очиқликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати таҳлил қилинди. 

Жумладан, 2023 йил ўтган давр мобайнида қурилиш ва уй-жой масалаларида жамоатчилик фаоллари, журналистлар томонидан кўтарилган 856 танқидий материалга расмий муносабат билдирилган. ОАВларнинг сўровларига жавоб берилган. 18 матбуот анжумани, 30 брифинг ташкил этилган. 

Ўрганишлар давомида вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари, айрим тизим ташкилотларида рақамлаштириш борасидаги ишларда камчиликларга йўл қўйилгани ҳам аниқланди. 

Жумладан, вазирликнинг “Қурилиш сифатини назорат қилиш” ахборот тизими, Улушдорлар электрон реестри, “Огоҳ фуқаро”, “Иссиқлик энергияси учун тўловлар” ягона биллинг ахборот тизимлари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг техник эксперт хулосалари олинмаган. 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2023 йил давомида айрим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маълумотлар расмий веб-сайтда жойлаштирилмаган. 

Мажлисда вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда рақамлаштириш ҳамда очиқликни таъминлаш борасидаги ишларни самарали назорат қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан рақамлаштириш соҳасида қилиниши лозим бўлган ишларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифаларнинг ўз муддатида ижросини таъминлаш лозимлиги муҳокама этилди ва навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. 

Н.Абдураимова, ЎзА