Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилишда давлат назорати жуда муҳим
18:47 / 2026-01-19

Айни кунларда Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан кучайтирилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Бунда ходимларнинг хавфсизлиги, объектнинг сифатли қурилиши, материалларнинг белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилишигача эътибор қаратилиб, келгусида камчиликлар ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу йўналишдаги давлат назорати янада кучайтирилган.  

Ҳозир Хоразм вилоятининг 7 та туманида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо қилинмоқда. Хонқа, Янгиариқ, Тупроққалъа, Қўшкўпир туманларидаги массивларда қурилиш ишлари якуний босқичга етиб келган бўлса, Ҳазорасп, Шовот, Урганч туманларида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.  

Урганч тумани Қумравот маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудидаги қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишлари устидан рейд тадбирлари доирасида қурилиш-синов лабораторияси мутахассислари иштирокида бетон сифати ҳам синовдан ўтказилди. Қурилиш объектларида қатор камчиликлар аниқланди.  

[gallery-27187]

– Аниқланган тўртта ҳолатда объектнинг тасдиқланган ишчи лойиҳаси шаҳарсозлик норма қоидалари талабларига жавоб бермайди, – дейди Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бўлим бошлиғи Аброр Жуманиёзов. –  Олттита ҳолатда ишчи-ходимлар махсус ишчи кийим ва ҳимоя бош кийими, махсус пойабзал, қўлқоп ҳамда бошқа шахсий муҳофаза воситалари билан таъминланмаган ҳолда иш олиб бормоқда. Бу ҳолатлар меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига зид ҳисобланади ҳамда ишчиларнинг ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдиради.  

Қурилиш жараёнларида сифатсиз материаллардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича  ҳам қатор камчиликалр аниқланди.  

Масалан, буюртмачи  "Хоразм Инвест Холдинг"  масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган кўп қаватли уйнинг  2,3,4- қаватлари ички йўлак зинапояларидаги тўсин деворлари тасдиқланган ишчи лойиҳа талабларига асосан газаблокдан фойдаланиши кўрсатилган бўлсада, амалда пудратчи ташкилот тамонидан ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз сифатсиз пена блоклар ишлатилаётгани аниқланди. Ҳудудий инспекция ходимлари томонидан мазкур ҳолат жойида буздирилди.  

– Яна бир ҳолат, “Қоровул Қурилиш Монтаж” хусусий корхонаси томонидан барпо қилинаётган 9 қаватли, 1 йўлакли, 54 хонадонли тураржой биноси қурилишида эса cейсмик белбоғлардаги арматуралар тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган тартибда ўрнатилмаганлиги маълум бўлди ва жойида буздирилди, – дейди Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бўлим бошлиғи Аброр Жуманиёзов. – “Янги массив уйлари” МЧЖ томонидан қурилаётган тўққиз  қаватли ва ўнинчи қавати ярим очиқ терассали кўп хонадонли тураржой биноси қурилишида  ертўлага олиб тушувчи темир-бетон зинапоялар лойиҳа талаби бўйича бажарилмасдан, ўзбошимчалик билан қурилиш талабларига зид равишда бажарилаётганлиги аниқланиб, жойида буздирилди ва  камчиликлари бартараф қилинди. Шунингдек, "Dreams Palace" масъулияти чекланган жамиятининг тураржой биноси қурилишида бўлса, лифт деворлари армакаркасга ўрнатилиши керак бўлган  темир фиксаторлар хамутлари ўрнатилмасдан бетонлаш ишлари бузиб бажарилганлиги ҳолати ҳам жойида бартаф қилдирилди.  

Рейд тадбирлари доираси қурилиш-синов лабораторияси мутахассислари бетоннинг мустаҳкамлиги ва унинг меъёрий талабларга мувофиқлиги замонавий ўлчов ускуналари орқали текширилди. Ушбу ўрганишлар қурилиш сифати ва  иншоотлар мустаҳкамлигини таъминлашда асосий аҳамият касб этади.

Умуман олганда, бу каби рейд тадбирлари вилоятдаги икки мингга яқин қурилиш объекларида сифатли иш ташкил этилишига ҳамда масъуллар ўз  масъулиятини яна бир бор ҳис қилишларига хизмат қилади.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари