Жорий йилнинг 10 январь куни ижтимоий тармоқларда Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалган ва бу борада дастлабки расмий баёнот берилган эди.
Бугун Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров ана шу масалада ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда қайд этилишича, Жиззах шаҳар, «Зилол» МФЙ, Мустақиллик кўчасида жойлашган 1-2 қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 3-6 қаватлари турар жой биноси бўлиши кутилган объектнинг буюртмачи- пудратчиси “Баракали Қоракўл Чорвадор” фермер хўжалиги бўлиб, лойиҳани “DISCOVERY ARCHITECTS GROUP” корхонаси тайёрлаб берган.
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг мартида бошланган бино дасталаб 3 қаватли бўлиши борасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Кейинги киритилган ўзгартириш Жиззах вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмаган, лекин Жиззах вилояти “Шаҳарсозлик ҳужжатлари” ДУК Жиззах вилоят филиалининг 2020 йил 12 октябрда №393/1-20-сон ижобий йиғма эксперт хулосаси олинган.
Ушбу объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳага мослиги, бажарилган ишларнинг сифати устидан ҳудудий назорат инспекция инспекторлари бир неча марта назорат ишлари ўтказган ва камчиликларни аниқлаган.
Бунда қурилиш объектига олиб келинган темир-бетон плита, ғишт, арматура ва цемент махсулотларига мувофиқлик сертификати тақдим этилмаганлиги, объектда умумий ва махсус иш юритиш журналлари юритилмаганлиги, уй-жойнинг пойдевор ва девор ишларида бажарилган қуйма бетонларнинг лойиҳавий мустаҳкамлигига мос келиши бўйича қурилиш-синов лаборатория хулосаси тақдим этилмаганлиги сабабли инспекция ёзма кўрсатма берган.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЭСЛАТМА: Вазирнинг фикрлари билан видеода тўлиқ танишасиз. Матнда қисқаришлар мавжуд.
<iframe width="1366" height="657" src="https://www.youtube.com/embed/nBxo_KgbBdk" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА