Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари белгилаб берилди. Улар:
а) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясини мустақил республика ижро этувчи ҳожимият органи сифатида шакллантириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
б) жорий йил якунига қадар қурилиш, кўп квартирали уйларни бошқариш ҳамда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида назорат функцияларини тўлиқ рақамлаштириш;
в) 2025 йил 1 июлга қадар хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган назорат тизими механизмларини шакллантиришдан иборат.
2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома (оммавий оферта) тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти жорий қилинади. QR-кодли паспорт орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари (эскиз лойиҳалари) ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Фармонга кўра, кўп квартирали уйлардаги жойларни, шунингдек, ертўлаларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришда шаҳарсозлик нормаларини бузган ҳолда кўп квартирали уйнинг конструктив қисмлари ва таянч деворларига ўзгартириш киритиш, бузиш ҳамда бинонинг зилзилага бардошлилигига салбий таъсир қиладиган ишларни амалга ошириш тақиқланади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб барча ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими объектларини мажбурий тарзда шартнома асосида технологик аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб:
а) босқичма-босқич ҳудудий инспекцияларда Қурилиш объектларини онлайн кузатиш маркази ташкил этилади;
б) тажриба-синов тариқасида 2025 йилда Қашқадарё вилоятидаги Давлат бюджети маблағлари ҳисобига янгидан қуриладиган объектларга видеокамералар ўрнатилади;
в) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишда мобил видеокамералар (бодикамера) ва махсус планшетлардан фойдаланилади;
г) мобил видеокамералар (бодикамера), махсус планшетлар ва видеокамералардан олинган маълумотлар тўғридан-тўғри Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказига узатилади;
д) "E-mamuriy ish" ахборот тизимида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўллашни кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилади.
2025 йил 1 сентябрга қадар "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг "Қурилишда давлат назорати" электрон платформасига қуйидаги маълумотлар интеграция қилинади:
а) Кадастр агентлигининг "UZKAD" кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизимидаги кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш майдони ва унга туташ ер участкалари ҳамда хонадоннинг мулкдори, кадастр рақами ва кадастр чизмаси тўғрисидаги маълумотлар;
б) "Ўзсувтаъминот" АЖнинг биллинг тизимидаги истеъмолчиларнинг манзили ва сони, сув ҳисоблагичлари кўрсаткичлари, сарфланган сув миқдори ва қарздорлик, оқова сувларни чиқариш, янги қамраб олинган истеъмолчилар тўғрисида ва бошқа маълумотлар.
2025 йил 1 июлдан бошлаб якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор томонидан олиб борилади. Хусусий қурилиш назорати архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган ҳамда қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан шартнома асосида амалга оширилади. Хусусий қурилиш назорати объектларида қурилиш (реконструкция ишлари) якунига етгандан сўнг лойиҳачи томонидан "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида хулоса шакллантирилади ва буюртмачига тақдим этилади. Қурилиши (реконструкция ишлари) тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари (Тошкент шаҳрида-туман қурилиш бўлимлари) томонидан амалга оширилади. Хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
ЎзА