Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги давлат назоратида
12:08 / 2025-10-27

Фармон ва ижро

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги аҳолининг ҳаёти ва фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар баробарида мазкур соҳага ҳам илғор технологиялар жорий этилиб, қурилиш ишларининг сифат даражаси яхшиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 апрелдаги "Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан эса якка тартибдаги қурилишда хусусий назорат, онлайн назорат тизимлари жорий этилиб, қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлиши, алоҳида электрон платформага кадастр ва сув таъминоти маълумотлари интеграция қилиниши, қурилиш хавфсизлиги ва сув тизимларининг техник назорати бўйича янги тартиблар белгиланди. 

Хоразм вилоятида аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда 12 мингта хонадонли 416 та уй- жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қурилиш ишлари ҳозир ҳам жадаллик билан давом этмоқда. 

Шу боисдан вилоятда мазкур соҳада давлат назоратини самарали ташкил этиш ва хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. 

Ҳозир вилоятимизда ҳудудий қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан икки ярим мингга яқин қурилиш объектларида давлат назорати олиб борилмоқда, – дейди Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги назорат инспекцияси бошлиғи Шерзод Отаев. – Иш жараёнини сифатли ташкил этиш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш борасида ҳам бир қанча самарали ҳаракатлар амалга оширилаётир. Мисол учун ходимлар хизмат автомашиналари билан таъминланди. Иш жараёнида фойдаланишлари учун махсус ва маъмурий планшетлар топширилди. 30 та “БОДИ”, яъни тана камераси эса Қурувчи операторлар штаби орқали назорат тадбирлари жараёнини тўлиқ онлайн кузатиш имконини бермоқда.

Ҳудудий инспекциянинг маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоятдаги қурилиш объектларида 21 минг 687 маротаба мониторинг ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 9 минг 297 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Объектларда қўлланилган сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар юзасидан 86 та тақдимнома киритилиб, 187 та ҳолатда бажарилган сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари буздирилган, шунингдек, инспекция ваколати доирасида 622 та ҳолатда маъмурий жарима расмийлаштирилган. 

[gallery-25938]

– 2025 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир қурилаётган объект бўйича “QR” кодли паспортни жорий қилиш, унда объект номи, қурилишга рухсат олинган сана, лойиҳа ва пудрат ташкилоти, объектни фойдаланишга топшириш муддати каби маълумотларни олиш имкониятини яратиш белгиланган бўлиб, йил бошидан ҳудудий инспекция томонидан рўйхатга олинган 673 та объектга “QR”-кодли паспорт ўрнатилиши таъминланди, – дейди ҳудудий инспекция бўлим бошлиғи Аброр Жуманиёзов. 

Бугунги кунда мамлакатимизда кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизими аҳолининг қулай яшаш шароитларини таъминлаш, шаҳарсозлик тартибини сақлаш ва биноларнинг хавфсизлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Айниқса, сўнгги йилларда уй-жой фондини модернизация қилиш, бошқарувнинг замонавий шаклларини жорий этиш ҳамда фуқароларнинг мулкчилик маданиятини ошириш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

–Кўп квартирали уй-жойларни бошқаришда қонунийлик, хавфсизлик ва сейсмик мустаҳкамлик — замон талаби, –дейди Ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосари Расулбек Сапаев. – Уй-жой коммунал хўжалиги йўналишида вилоятдаги мавжуд 1 минг 959 та кўп квартирали уйдан 995 тасининг техник ҳолати ўрганиб чиқилди. Бунда 244 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 204 тасига бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар берилиб, 143 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жарималар ҳам қўллашга мажбур бўлдик. Шунингдек, назорат тадбирлари жараёнида 9 та бошқарув органлари фаолияти ўрганилди ҳамда еттита ҳолатда 3,4 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлардан самарасиз фойдаланганлиги аниқланди. Масъулларига нисбатан 51миллион 760 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан судларга 68 та даъво ариза киритилди.

Хоразм вилояти экологик жиҳатдан мураккаб ҳудудлардан бири бўлиб, бу ерда тоза ичимлик суви ресурслари табиатан чекланган. Аҳолининг асосий қисми Амударё дарёсининг сувига таянади. Вилоятдаги ҳудудий сув тармоқлари томонидан сувни тозалаш, узатиш ва тақсимлаш ишлари амалга оширилади. Инспекция томонидан эса жараён тўлиқ назоратга олинган. 

– Жорий йилнинг январь-сентябр ойларида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини ўрганиш бўйича 1 минг 534 та таҳлил намуналари олиниб, шундан 13 та ҳолатда ичимлик сувининг белгиланган давлат стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди, – дейди ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосари Комилжон Шомуратов. – Сув таъминоти ташкилотлари томонидан тақдим этилган 341 та техник шарт ўрганилиб, уларнинг 60 тасида камчиликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича “Хоразм сув таъминоти” АЖ га кўрсатма хатлари юборилди. Вилоятимизнинг барча ҳудудларида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, аҳолининг соҳа бўйича ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Шунингдек, бўлим томонидан ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларидан фойдаланишда жами 363 та ноқонуний ҳолат бўйича қоидабузарлардан сув таъминоти ташкилотларига 625 миллион сўмлик қўшимча тўловлар ҳисобланди. 
Умуман олганда, қурилиш соҳаси ва уй-жой коммунал хўжалиги Хоразм иқтисодиётнинг ҳам энг муҳим тармоқларидан биридир. Вилоятда ушбу соҳаларда давлат назоратининг оғишмай олиб борилиши ҳудуддаги инфратузилма ривожи, аҳолининг ҳаёт сифати ҳамда жамиятимиз барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА