Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш ва экология соҳасидаги мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?
18:05 / 2025-07-18

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этиш, жойларда аҳоли томонидан кўтарилган тизимли муаммоларга ечим топиш энг муҳим масаладир. Бу давлат ва фуқаролар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу борада вазирлик ва идоралар томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг йиғилишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ахбороти эшитилди. Унда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. 

Қайд этилганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йилида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 14 минг 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг қарийб 91 фоизи электрон шаклда қабул қилинган. Мурожаатларнинг 75 фоизга яқини ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилган.

Бугунги кунда вазирликнинг “Менинг уйим” мобил иловаси орқали фуқаролар кўп қаватли уйлардаги муаммоларни онлайн тарзда кузатиб бориш ва бошқарув органларига мурожаат қилиш имконига эга бўлмоқда. Жорий йилда ушбу канал орқали 424 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилинган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар ташкил этилган. Ушбу қабуллар давомида 110 та мурожаат кўриб чиқилиб, 84 таси ижобий ҳал этилган.

Шунингдек, йиғилишда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида ҳам мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Жумладан, жорий ярим йилликда вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 3 минг 359 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш жараёнлари рақамлаштирилган бўлиб, бу мурожаатларга жавоб бериш муддатларини сезиларли даражада қисқартирган.

Эшитувда депутатлар айрим камчиликларни ҳам ўртага ташлаб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш зарурлиги айтилди. Айниқса, ҳудудий бошқармаларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини ўрганиб бориш, мурожаатларни кўриб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик хабардорлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА