ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Денов туманида фаолият юритаётган “Inter Prof City Stroy” МЧЖ қошидаги тош майдалаш ва саралаш заводи ҳудуд қурилиш саноатида муҳим ўрин эгаллайди. 2021 йилда иш бошлаган мазкур корхона қисқа вақт ичида ички бозор учун сифатли хомашё етказиб берувчи барқарор ишлаб чиқариш масканига айланган.
Заводда бугунги кунда 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилаётган бўлиб, улар замонавий ускуналар ёрдамида тошни майдалаш, саралаш ва қум-шағал маҳсулотларини тайёрлаш жараёнларини амалга оширмоқда. МЧЖнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 50–60 минг куб метрни ташкил этади. Бу ҳудуддаги қурилиш эҳтиёжларини қоплашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган қум ва шебень маҳсулотларига ички бозорда талаб юқори. Ушбу қурилиш маҳсулотлари асфальт заводлари, бетон ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда турли қурилиш объектларида кенг қўлланилади.
[gallery-27104]
Завод ҳудуддаги қурилиш тармоғини зарур хомашё билан таъминлабгина қолмай, балки маҳаллий аҳоли бандлигини ошириш, иқтисодий фаолликни кучайтиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш режаси ҳам корхонанинг ривожланиш истиқболи кенг эканини кўрсатади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА