Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш ҳамда соҳани рақамлаштириш йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан кенг қамровли тақдимот ўтказилди.
Тадбир доирасида вазирликнинг “Янги Тошкент” шаҳрида жойлашган модул турдаги янги биноси бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур бино Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш” дирекцияси буюртмасига асосан қурилган бўлиб, замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Умумий 1,4 гектар майдонда жойлашган иншоот 4+1 блокдан иборат бўлиб, вазирликнинг марказий аппарати ва тизим ташкилотларини бир маконда жойлаштириш орқали ҳамкорлик ва иш жараёнлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбирнинг амалий қисми Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Республика маркази фаолияти билан танишишдан бошланди. Унда иштирокчиларга “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими имкониятлари тақдим этилди.
Маълум қилинганидек, айни пайтда мазкур тизим доирасида 24 та давлат хизмати тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар сони 2,2 миллион нафарга етган. Лицензиялаш, рухсатнома бериш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш жараёнлари инсон омилисиз амалга оширилмоқда. Шунингдек, тизим бир қатор давлат идораларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши орқали маълумотлар алмашинуви тезлаштирилиб, коррупциявий хавф-хатарлар кескин камайтирилган.

Тақдимотда қурилиш соҳасида электрон давлат харидлари платформаси фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, платформа орқали 66,3 триллион сўмлик тендерлар ўтказилиб, 3,27 триллион сўм маблағ тежалган. Шунингдек, “Менинг уйим” биллинг тизими ҳам таништирилиб, унга 42 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар улангани, абонентлар сони эса 1,5 миллион нафарга етгани маълум қилинди.
Экскурсия давомида вазирликда жорий этилган “Open space” иш тизими ҳам тақдим этилди. Ушбу иш услуби қарор қабул қилиш жараёнларида очиқликни таъминлаш, тузилмалар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва жамоавий ишлаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева кейинги йилларда соҳада коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлаш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

—Бугун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида коррупцияга қарши курашиш ҳамда соҳани рақамлаштириш йўналишида амалга оширилган ишлар бўйича кенг қамровли тақдимот ўтказилди, — дейди Озода Жўраева. — Тадбирдан кўзланган асосий мақсад соҳада жорий этилган ислоҳотлар, рақамли ечимлар ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар билан қонунчилик ҳокимияти ва жамоатчилик вакилларини яқиндан таништиришдан иборат. Бу жараёнларнинг очиқ ва шаффоф олиб борилаётганини кўрсатади. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида бугунги кунда 24 та давлат хизмати тўлиқ рақамлаштирилган. Фойдаланувчилар сони 2,2 миллион нафарга етган. Лицензиялаш ва рухсатнома бериш жараёнлари инсон омилисиз амалга оширилаётгани коррупциявий хавфларни сезиларли даражада камайтирди.
Тизим бошқа давлат идоралари билан интеграция қилинган. Жумладан, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ва Кадастр агентлиги ахборот тизимлари билан интеграция орқали маълумотлар алмашинуви тезлаштирилди. Бу эса қарор қабул қилишда холисликни таъминлаб, коррупция хавфларини кескин камайтирмоқда.
Вазирлик фаолияти ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб топилди. Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлиги 2024 йилда 71 баллдан 2025 йил якунида 86 баллга ошди. Бу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўрсатади.
Тадбир якунида иштирокчилар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши тизимли чора-тадбирлар мамлакатда очиқ ва шаффоф давлат бошқарувини шакллантиришга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтди.
Шаҳноза Маматуропова,
Дониёр Якубов (видео), ЎзА