Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш соҳасида мутлақо янги замонавий меъёрий база ишлаб чиқилади – Қурилиш вазири ўринбосари
15:59 / 2022-02-10

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Адилов қурилиш соҳасида Еврокодлар аҳамияти, смета масаласи ҳамда тендерлар борасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

– 2021 йил сентябрь ойидан буён Қурилиш вазирлиги Корея Қурилиш технологиялари институти (KICT) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон шаҳарсозлик  нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш” бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни бошлади. Мазкур лойиҳада қурилиш соҳасида мутлақо янги замонавий меъёрий базани ишлаб чиқиш кўзда тутилган.  

АҚШнинг “International Building Codes” (IBC) меъёрий базаси билан уйғунлаштириш кўзда тутилмоқда. Бунда 2025 йилга қадар янги меъёрий база тўлиқ шаклланиши ва унга амалдаги меъёрий базадан босқичма-босқич ўтиш режалаштирилган. 

Маълумки, қайси бир давлат Еврокодларни ўзида татбиқ қилмоқчи бўлса, биринчи навбатда Миллий иловаларни ишлаб чиқиши лозим бўлади (одатда бунга камида 3 йил вақт керак бўлади). Еврокодларга ўтиш Европанинг ўзида ҳам осон кечмаган. Германия Еврокодларни фақат 2012 йилга келиб қабул қилган. 

Европа Иттифоқидан бошқа кўпчилик давлатларда Еврокодларнинг моҳияти чуқур ўрганилмасдан, қисқа муддатларда уларни татбиқ этишга уринишлар кўп бўлиб, кутилган натижага эришилмаган. Масалан, Россия Федерациясида 2010-2012 йиллар мобайнида 58 та Еврокодларнинг ҳаммаси таржима қилинган ва уларнинг миллий иловалари ишлаб чиқилган. 2014 йилда бу мослаштирилган Еврокодлар миллий нормалар қаторида муқобил сифатида рўйхатдан ўтказилган. Лекин шу бугунга қадар бу Еврокодлар Россияда амалиётда ишлатилмаган. 

Шулар билан бир қаторда, Россия Федерациясида Еврокодлар адаптация қилинмасдан тўғридан-тўғри қўлланилиб қурилган 3 та экспериментал бино (биттаси Домодедова аэропортида), қишнинг қаттиқ совуқ кунлари конструкциядаги паст температура билан боғлиқ ортиқча деформация оқибатида қулаган. 

Ҳозирги кунда Собиқ Иттифоқ давлатларининг биронтасида Еврокод амалиётда тўлиқ жорий этилмаган. Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар билан бир вақтда қўлланилишига рухсат этиладиган хорижий норматив ҳужжатлар рўйхати белгиланган. Лойиҳачиларда Евркодлардан фойдаланишга зарурат бўлса, уларни ишлатишга рухсат этилади. 

Шу ўринда қурилишда смета масаласига ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 июндаги “Марказлаштирилган капитал қуйилмалар ҳисобига рўёбга чиқарилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда шартномавий жорий нархларга ўтиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қурилишда “Ресурс усули” асосида тасдиқланган сметаларга мувофиқ амалга оширилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, смета усули объектнинг ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш учун сарф харажатларнинг миқдори ва меъёрини аниқлашга имкон яратади. Германия давлатида хам қурилиш лойиҳалари “ресурс” яъни “смета” усулида шакллантирилади. 

Шу билан бирга, ушбу усулни қўллашда айрим яъни, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўп вақт ва маблағ талаб этилиши, ҳамда ортиқча равишда чегаралаб қўйилиши каби камчиликлари мавжудлиги сабаб,  бугунги кунда Қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси 26-бандида, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг “ҳажм” услубини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. 

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш вазирлиги томонидан бугунги кунда Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг янги услубларини татбиқ этаётган ҳорижий мамлакатлар, жумладан Қозоғистон, Туркия, Россия, Корея ва бошқа давлатларнинг бу борадаги  ишлари,  меъёрий ҳужжатлари, янги техника ва технологиялари ҳамда эришилган ютуқлари ўрганилди. 

Қурилиш вазирлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ, Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган «Қурилишдаги нархлар ва BIM технологиялар» мавзусидаги  халқаро конференция ва амалий семинарларда иштирок этиб, Туркия Республикаси Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирлиги томонидан у ерда қурилиш амалиёти, услублар билан ҳам танишиб чиққан. 

Туркияда лойиҳа хужжатларни тайёрлашда қўлланилаётган иш турлари ва қурилиш материаллари ҳамда конструкциялар нархлари ва  қурилишда нархларни таҳлилий кўрсаткичлари каби амалиётлар таҳлилий  ўрганилди. 

Шунингдек, Қурилиш вазирлиги томонидан Қозоғистон Республикаси “Архитектура ва қурилишда илмий тадқиқот ва лойиҳа институти” АЖ нинг 6-та йўналишдаги яъни, қурилиш материали, маҳсулот ва конструкциялар, муҳандислик ускуналари, қурилиш машина ва механизмлари, қурилиш юкларини ташиш, иш ҳақи, қурилиш-монтаж ишлари каби соҳалардаги миллий классификаторларидан фойдаланиб Ўзбекистонда миллий қурилиш класификаторларини яратиш якунига етказилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, 2022 йил инвестиция дастурига киритилиши кўзда тутилган ижтимоий соҳа объектларини, босқичма-босқич лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқишда “ҳажм” услубини синов-тажриба асосида қўллаш хамда “шафоф қурилиш” тизими орқали ўтказилаётган электрон танлов (тендер)ларни янги босқичга кўтариш ишлари давом этмоқда. 

Шу ўринда тендер масаласи ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчи эдим. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ электрон тендер жарёнлари янада такомиллаштирилиб, шаффофлик даражаси максимал даражага чиқарилмоқда.  

Аввалги тендерларда худудий комиссиялар яъни инсон омили таъсири кам бўлсада мавжуд бўлган. Эндиликда вазирлик ва идоралар ахборот базалари билан янада чуқур интеграция қилинган ҳолда  автоматлаштириш даражасининг  кўтарилгани ҳисобига мазкур комиссияни жараёнлардан тўлиқ бартараф қилишга эришилди. 



ЎзА мухбири 
Шаҳноза Маматуропова  
ёзиб олди.