English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш соҳаси: шаффофлик ва масъулият – асосий мезон
15:33 / 2025-10-10

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Бош прокуратура масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Давронжон Адилов бошчилигида марказий аппарат ва тизим ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, барча ҳудудий бошқармалар вакиллари онлайн тарзда қатнашди. 

Тадбирда соҳада қонунийликни таъминлаш, очиқлик ва шаффофликни ошириш, коррупцион хавфларни бартараф этиш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

– Қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятини ошириш зарур, – дейди Давронжон Адилов. – Бугун ҳар бир раҳбар ва мутахассис ўз фаолиятида қонунийлик, ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиши лозим. Энг кичик беэътиборлик ёки манфаат тўқнашуви ҳам тизимга путур етказиши мумкин. 

Бош прокуратура бошқарма прокурори Мансур Рўзимов коррупцион жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари, уларга имкон берувчи омиллар ҳамда масъулият масалалари бўйича тушунтиришлар берди.  

Айниқса, давлат буюртмалари, қурилиш жараёнларида техник назорат ва лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш босқичларида шаффофлик ва масъулият юқори бўлиши шартлиги қайд этилди. 

Тадбирда уй-жой ҳамда ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш ишлари, уларнинг сифати ва белгиланган меъёрларга риоя этилиши ҳолати таҳлил қилинди. 

Шунингдек, бажарилган ишлар ҳажмини сохта маълумотлар билан ошириб кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш, назорат механизмларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.  

Тадбирда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, мактабгача ва мактаб таълими объектларини фойдаланишга топшириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.   

Ш.Маматуропова, ЎзА