Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш олиб борилаётган ҳудудлардаги дарахтларнинг тақдири нима бўлади?
15:59 / 2026-03-05

Тошкент шаҳрида шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган йирик лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири — пойтахтнинг Чилонзор туманида барпо этилиши режалаштирилган кўп функцияли мажмуа лойиҳаси бўлиб, ушбу ташаббус юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Эшитувда Давлат экологик экспертизаси маркази, Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти, “Ўрмон Инвест” компанияси, “PD Estates” МЧЖ масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Лойиҳа халқаро 5 юлдузли меҳмонхона ҳамда турар жой мажмуасини ўз ичига олади. Меҳмонхона қурилиши 2028 йил охирига, турар жой мажмуаси қурилиши эса 2029 йил охирига режалаштирилган.

Лойиҳани амалга оширишнинг жорий босқичида 1 минг 150 нафарга яқин ишчи жалб этилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини маҳаллий мутахассислар ташкил этади. Яқин олти ой ичида 2000–2200 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Қурилиш ишлари якунланганидан сўнг эса камида 500 та доимий иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган.

Жамоатчилик эшитуви давомида лойиҳа доирасида экологик стандартларга амал қилиниши, хусусан, ҳудуддаги дарахтларни сақлаш ва кўчириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Ўрмон Инвест” компанияси бош агрономи Дониёр Тўлаев ҳудуддан 10 та дарахт компания мутахассислари томонидан "Туябўғиз" сув омбори ҳудудига кўчириб ўтказилгани, ҳозирда агрономлар томонидан уларни парваришлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

—Мутахассислар, энг аввало қурилиш жараёни бошланишидан аввал қурилиш остига тушган дарахтлар ҳудудига бориб, ўрганиш олиб боради, — дейди Д.Тўлаев. — Кейин эса Ботаника боғи ва илмий-тадқиқот институтлари ходимлари жалб қилинади, илмий эксперт хулосаси олинади. Шундан сўнг дарахтлар мос ҳудудга кўчирилади ва у ерда ҳимоя ўрмон зоналари барпо этилади.

Унинг таъкидлашича, иқлими ва тупроқ шароити ўхшаш бўлгани учун айнан "Туябўғиз" сув омбори атрофидаги ҳудуд танланган. Шунингдек, кўчирилган дарахтларни парваришлашда кўп сув талаб этилгани боис, суғориш имконияти мавжуд жой танланган.

Эшитув доирасида мажмуа ҳудудида яшиллик даражасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди. Хусусан, лойиҳа доирасида 500 га яқин дарахт экиш ҳамда 1,3 гектар ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, мазкур лойиҳа шаҳар инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай сервис хизматларини ўз ичига олган замонавий шаҳар муҳитини шакллантириш, Тошкентнинг Марказий Осиё минтақавий маркази сифатидаги позицияларини мустаҳкамлаш, шаҳарнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро инвестициялар учун ишончли майдон эканини яна бир бор тасдиқлаши таъкидланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА