Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш объектлари шинам ва хавфсиз бўлиши керак
09:41 / 2023-06-03

Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан жорий йилнинг беш ойи давомида 408 объект рўйхатдан ўтказилган. Мазкур объектларда инспекция томонидан 1 минг 215 назорат текширувлари ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 1 минг 531 ёзма кўрсатмалар берилган. Кўрсатмаларни ўз вақтида бартараф этмаганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасига асосан қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун 73 мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Жумладан, 23 ҳолатда лойиҳалаштириш ҳамда пудрат ташкилотлари ишидаги камчилик ва хатоликлари учун лицензия ва рухсатномаларни тўхтатиш, ўтказилган назорат пайтида ишлатилган ва ишлатишга мўлжалланган сифати паст, яроқсиз материаллар ҳамда буюмларнинг мувофиқлик сертификатини бекор қилиш бўйича тегишли органларга тақдимномалар киритилган. 23 ҳолатда эса бажарилаётган сифатсиз ва лойиҳадан четланган ҳолда бажарилган қурилиш ишларининг пойдевор, ғишт девор, темир-бетон конструкциялар ҳамда изоляция ва пардозлаш ишлари буздирилган.  

Шунингдек, инспекция томонидан мониторинг ўтказиш жараёнларида аниқланган ноқонуний қурилишларни тўхтатиш тўғрисида 42 ҳолатда буюртмачиларга огоҳлантириш хатлари берилган. 5  ҳолатда ноқонуний объектларни буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилиб, суд қарорига асосан буздирилмоқда.

–Қатор таъсир чоралари кўрилса-да, ҳудудларни ўрганиш жараёнида объектларда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаётганлиги аниқланмоқда, – дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси етакчи мутахассиси Бакиржон Аҳмаджонов.  – Жумладан, қурилиш майдонидаги барча шахслар ҳимоя каскаларида бўлиши лозим бўлса-да, амалда бундай каскалар билан таъминланмаганлиги, юқори қаватларда ишловчилар учун махсус белбоғлар берилмаганлиги, қурилиш объектларида шикастланганларга дастлабки ёрдам кўрсатиш учун дори аптечкалари, замбиллар ажратилмаганлиги, қурилиш майдончасини ташкил этишда хавфли зоналарга хавфсизлик белгилари ва белгиланган шаклдаги ёзувлар ўрнатилмаганлиги ҳоллари аниқланмоқда.

–Инспекция ходимларининг кўрсатма ва йўл-йўриқлари фойдадан ҳоли эмас. Чунки ҳар бир иншоотнинг пишиқ-пухта қуриб битказилиши, меъёр талабларига мослиги, қурилаётган иншоотларнинг шинам ва кўркам бўлиши билан бирга, хавфсиз ва чидамли эканлиги унда яшовчи ёки ишловчилар ҳаёти ва хавфсизлиги гаровидир, – дейди "Аффалина Файз" масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Обиджон Толибназаров.  –  Биноларнинг лойиҳасидан тортиб, қурилиш якунига қадар тизимли назорат ўрнатилиши тарафдориман.

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА