French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш нормативларига Корея гранти ажратилади
18:33 / 2020-12-08

Ўзбекистон ва Корея ўртасида барча йўналишларда, хусусан, қурилиш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда. Бугун видеоконференция тарзида ташкил этилган, инфраструктура тармоқларини ривожлантириш халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон Қурилиш вазири Корея Республикасининг Ер ресурслари, инфраструктура ва транспорт вазири билан мулоыот ўтказди.

Маълумки, Корея юқори технологияларни, илм-фаннинг сўнгги ютуқларини амалиётга жорий этиш бўйича жаҳонда илғор мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жумладан, қурилиш соҳасида энергиятежамкор  ва BIM технологияларини қўллаш бўйича ҳам  етакчи давлат саналади. Бўлиб ўтган мулоқотда асосий эътибор истиқболли йўналишларга қаратилди. Вазирлик мутасаддиларининг Кореяда бўлиб ўтган олдинги учрашувида Ўзбекистон қурилиш меъёрларини жаҳон стандартларига уйғунлаштириш масаласи ўртага ташланганди.  

Корея мазкур йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, хусусан, миллий шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.  Яқинда Корея парламенти  ушбу лойиҳа учун грант маблағлари ажратиш тасдиқлангани ва ҳозирда махсус ишчи гуруҳ фаолият  бошлагани ҳам айтиб ўтилди. Энди галдаги муҳим масала кадрларни тайёрлаш, кореялик ҳамкорлар бу борада ҳам ўзбекистонлик қурилиш соҳаси мутахассисларини малака оширишга жалб этишни режалаштирганини билдирди.  

-Биз учун Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш алоҳида ўринга эга,-дейди Корея Республикасининг Ер ресурслари, инфраструктура ва транспорт вазири Ким Хён Ми.- Келажакда юртингиздаги истиқболли инвестиция ва инфраструктура лойиҳаларида иштирок этиш ниятимиз бор. Ҳозирда Ўзбекистонда Корея  хорижий шаҳарлар инфраструктурасини ривожлантириш корпорациясининг ваколатхонаси  фаолият олиб бормоқда. Шуни ҳам айтишни истардимки, вазирлигимиз Ўзбекистоннинг қурилиш нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш бўйича ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр.  

Шунингдек, онлайн учрашувда Корея нафақат бино ва иншоотлар, балки йўллар, кўприклар ва темир йўллар қурилишига оид нормаларни ҳам модернизация қилишга алоҳида урғу бериш зарурлигини таъкидлашди.  

-Кореяда нормативлар билан шуғулланадиган махсус институт ва лабораториялар мавжуд,-дейди Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш маркази директори Рустам Қўчқоров,- Айнан бу жиҳат биз учун андоза бўла олади. Архитектура ва қурилиш соҳасида нормативлар ишлаб чиқиш ҳамма мамлакатларни ҳам қўлидан келавермайди. Кўпчилик мамлакатларда норматив тизим ўзиники эмас. Шунинг учун ҳам дунёда кўп мамлакатлар қабул қилган тизим бор. Масалан, IBC, бу АҚШда катта маблағ эвазига бирқ анча йиллар давомида шакллантирилган. 

Корея бизга нима беради? Мана шу IBC тизимини ўзлатиришимизда Корея бизга воситачи бўлади. Улар бу ишни биздан олдин бошлаган. Корея билан ҳамкорлик қиладиган бўлсак, IBC ни Ўзбекистонга татбиқи тезлашади. Кейин, хозирги ахборот коммуникация технологиялари ривожланган бир пайтда халқаро нормативларни татбиқ қилишда BIM технологияларини ҳам ўрни катта бўлади. Биз IBCни ўзимизда татбиқ қилсак, BIM технологияларини ҳам қисман қабул қилган бўламиз. Бунда эса кадрлар тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур бўлади.  

Маълумот ўрнида айтиш керакки, инфраструктура тармоқларини ривожлантиришга қаратилган халқаро конференция саккизинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, бу сафарги тадбирда 10 дан ортиқ мамлакатларнинг қурилиш соҳаси вакиллари ўзаро фикр алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини келишиб олишди.

ЎзА