Қурилиш материаллари стандартлаштирилади ва техник жиҳатдан тартибга солинади
Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва «ЕОИИ ҚМИ» ассоциацияси ҳамкорлигида қурилиш материаллари соҳасида стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда 70 дан зиёд киши иштирок этди. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев бозор жадал ўсиши ва маҳсулот тури кўпайишини ҳисобга олган ҳолда тегишли масалаларни кўриб чиқиш маҳсулотга талабни шакллантиришда ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида келишувга эришиш, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун хавфсизликни таъминлашни таъкидлади.
Семинар айни йўналишдаги илк тадбир бўлди. Электротехника саноатига бағишланадиган навбатдаги анжуман декабрь ойи ўрталарига мўлжалланган.
ЎзА