Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари соҳасида бир йилда 645 миллион долларлик экспорт амалга оширилган – “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
15:08 / 2024-01-18

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва унга аъзо корхоналар ўтган 2023 йилни самарали якунлади. Буни барча йўналишларда эришилган натижалар кўрсаткичида янада яққол кўришимиз мумкин. Дейлик, ўтган йил 34,2 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлиб, белгиланган режа 111,5 фоизга бажарилди. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши эса 5,9 фоизни ташкил этди.

Йўналишлар бўйича таҳлил қилинганда 38 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 87,1 миллион квадрат метр гипсокартон, 15,5 миллион тонна цемент, 42 миллион квадрат метр керамик плитка каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Соҳага 2,1 миллиард долларлик инвестициялар йўналтирилган ва шундан 1,3 миллиард  долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.  

Бугун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Унда уюшманинг бир йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди.  

Уюшма бошқарма бошлиғи Ботир Хўжабековнинг сўзларига кўра, қурилиш материаллари соҳасида 645 миллион доллар экспорт амалга оширилган. Экспорт қилинган маҳсулотларнинг 27 фоизи металл буюмлар, 10 фоизи керамика маҳсулотлари, 14 фоизи ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлари, 8 фоизи қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар улушига тўғри келди.  

–Эътиборлиси, 2023 йилда экспорт қилинган қурилиш материаллари турлари 55 дан 65 тага оширилди. Шунингдек, экспорт географияси 43 давлатдан 53 тага етказилди. Ўтган йилнинг ўзида қўшимча 10 тадан ортиқ янги маҳсулотлар экспорт қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 1,9 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 137,3 фоизга бажарилиши таъминланди. Шунингдек, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда тадбиркорликни ривожлантириш, уларга солиқ юкини камайтириш, мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан бир қатор енгилликлар тақдим этилган. Унга кўра, Ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкаси 1 тонна учун 6 минг сўм этиб белгиланди. Цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солиқ ставкасининг камайтирилиши ушбу маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатбардошлигини оширишига хизмат қилади, – деди Б.Хўжабеков.  

[gallery-15523]

Тадбирда атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган хўжалик субъектларининг атроф-муҳитга бўлган таъсири мониторингини кучайтириш, мазкур соҳа такомиллаштирилиши ва рақамлаштирилиши бўйича бир қатор қарорлар қабул қилингани ва бугунги кунда уларнинг ижроси таъминлаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди.  

–Ушбу талаблар асосида 2021-2025 йилларга мўлжалланган “Тармоқ жадвали” ишлаб чиқилган, – деди уюшма бўлим бошлиғи Мурод Ашрапов. – Белгиланган “Тармоқ жадвали” асосида ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг 10 тасида автоматик станция ўрнатилган. Цемент заводларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган чангларни камайтириш ва санитария меъёрида бўлишини таъминлашда циклонли фильтр, электрофильтр ва бошқа турдаги технологик чанг-газлар тозаловчи қурилмалар қўлланилади. Бу қурилмалар чангнинг умумий миқдорини 75 фоиздан 99 фоизгача тозалаш самарадорлигига эга.  

Таъкидланганидек, инсонларнинг соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўриши учун атмосферага ташланаётган зарарли моддаларнинг миқдорини камайтириш уюшманинг энг асосий мақсадидир. Шу сабабли, мунтазам завод атрофида манзарали дарахтлар экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Саноат корхоналарига жаҳон талабларига мос фильтрлар ўрнатилмоқда ва мавжудлари реконструкция қилинмоқда.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/9QqZWv7b73c?si=IfHGzOSAPqz0XXIn" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири