Жорий йилда электр энергияси сарфи юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда бу турдаги табиий ресурс истеъмолини 43,5 млн. кВт соатга қисқартириш мақсад қилинган.
Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида 11,8 мингта корхона фаолият юритмоқда. Шундан 89 таси йирик (100 млрд. сўмдан юқори), 710 таси ўрта (10 млрд. сўмдан юқори), 11 мингтаси кичик (10 млрд. сўмгача) корхоналар ҳисобланади.
Ушбу корхоналар томонидан 2024 йил давомида 2,3 млрд. кВт/соат электр энергияси, 912 млн. куб метр табиий газ, 1,7 млн. тонна кўмир сарфланган. Цемент, керамик материаллар, пишган ғишт, қурилиш ойнаси, гипсокартон ва иссиқлик сақловчи материаллар асосий энергия истеъмолчилари ҳисобланади.
Президентимиз раислигида 2024 йил 23 сентябрда қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида соҳада энергияни тежашга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.
300 млн. кВт. электр энергияси иқтисод қилинади
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида энергия сарфи юқори бўлган 34 та корхонада энерго аудит ўтказилди. 2025-2027 йилларда 300 млн. кВт соатдан ортиқ электр энергиясини иқтисод қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада, 2024 йилнинг декабрь ойида ушбу корхоналарнинг барчасида энерго аудит жараёнлари якунланиб, уларда муқобил энергия манбалари, жумладан, қуёш панеллари, реактив конденсатор, датчик ва гелиоколлекторларни ўрнатиш, WHR (иссиқлик энергиясидан қайта фойдаланиш орқали электр олиш) технологиясини жорий қилиш, шунингдек, энергия самарадор технология ва ускуналарини модернизация қилиш каби табиий ресурслар истеъмолини қисқартиришга қаратилган ишлар бошланди.
Жумладан, цемент ишлаб чиқарувчи “Reco sement sifat” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) томонидан қуввати 8 400 кВт/с, “Qarshi CONCH sement” МЧЖ томонидан 10 000 кВт/с бўлган қуёш панеллари ҳамда “Qizilqumsement” акциядорлик жамиятида реактив конденсатор ва реактив энергияни автоматик тартибга солувчи қурилмалар ўрнатилди.
Жорий йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида янги қувватлар ишга туширилиши натижасида 2,5 миллиард кВт/соат электр энергияси, 669 миллион куб метр табиий газ ва 1,9 миллион тонна кўмирга талаб мавжуд. Табиий ресурслар истеъмолини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида эса, биргина энергия сарфи юқори бўлган 34 та корхона томонидан 43,5 миллион кВт/соат электр энергияси, 6,7 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Банк ахборот хизмати