Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши томонидан Президент қарори ижроси қандай таъминланмоқда?
15:24 / 2021-04-04

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Мутасадди ташкилотлар вакиллари, олим ва профессорлар иштирок этган тадбирда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига эътибор қаратди. Шунингдек, кенгашда илм-фан ютуқлари ва инновацион жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материаллари амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишини таъминлаш масалалари бўйича ҳам фикр юритилди.

Таъкидланганидек, йиғилиш мақсади илмий жамоатчиликка ва салоҳиятли инвесторларга қурилиш материаллари соҳасидаги инновацион ютуқларини тақдим этиш, шунингдек, муаммоларга ойдинлик киритиш ҳамда замонавий тенденциялар ва илм-фан, муҳандислик ва технологиянинг устувор йўналишларида олиб борилган тадқиқотлар натижалари билан бўлишишдир. Шу боис, янги турдаги қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган долзарб мавзуларда инновацион лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Хусусан, “ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий тадқиқот ва инжиниринг маркази кичик илмий ходими, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Марат Асаматдиновнинг “Қорақалпоғистон Республикасидаги паст навли гипс хом ашёси асосида юқори мустахкам қуруқ монтаж шпаклёвкасини ишлаб чиқиш” мавзусидаги лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, “Азбозурит ичидан асбестни саралаб олиш технологияси ва унинг иқтисодий самарадорлиги”, “Иссиқлик электростанцияларининг техноген чиқиндилари (золошлак) дан фойдаланиб янги инновацион қурилиш материали - золобетон блоклари ишлаб чиқариш”, Клинкерни фаол минерал ва кимёвий қўшимчалар билан механик фаоллаштириш асосида юқори мустахкам портлендцементини ишлаб чиқариш”, “Цемент саноати корхоналарида энергия ресурслари сарфини камайтиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш” каби бир қатор илмий аҳамиятга эга лойиҳалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда тижоратлаштириш ҳолати тўғрисида ахборот берилди.

Йиғилиш давомида Илмий-техникавий кенгаш фаолиятига оид бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА тайёрлади, ЎзА