Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари саноат корхоналари қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланмоқда
15:32 / 2024-09-17

Маълумки, қурилиш материаллари соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири саналади. Шу билан бирга, энг йирик ишлаб чиқариш қувватига эга тармоқ ҳамдир.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг таъкидлашича, юртимизда қурилиш материалларига ихтисослашган 14 мингдан ортиқ корхона мавжуд бўлиб, улар томонидан 100 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

– Албатта, бундай қувватлар катта миқдорда энергия талаб қилади. Шу боис ҳозирда саноат корхоналарини муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини таъминлаш бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мавжуд 39 та цемент корхонасининг 92 фоизи ўз фаолиятини кўмир ёқилғисида йўлга қўйди.

Шунингдек, янги фойдаланишга топширилаётган саноат корхоналари энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланмоқда.

Электр энергия сарфини камайтириш, яъни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, йирик саноат корхоналари ҳудудларида замонавий қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

Мамлакатимизнинг энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи “Қизилқумцемент” АЖда 101 кВт, “Оҳангаронцемент” АЖда 50 кВтлик ана шундай панеллар ўрнатилди. Шу билан бирга, “Moderna Ceramic Indastries Fergana” ҳамда “Great wall ceramic indastries” МЧЖлари ҳам 64 кВт қувватга эга қуёш панелларидан фойдаланмоқда.
Ҳозирда “QARSHI CONCH CEMENT” МЧЖ ва “Karakalpak sement” МЧЖларида қайта тикланувчи энергия манбаларини қуриш бўйича лойиҳа-монтаж ишлари олиб борилмоқда, – деди Ж.Шерметов.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА