Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган форум ташкил этилди
14:11 / 2021-07-13

Пойтахтимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси муҳокама этилди.

Форумда маҳаллий саноат тармоқлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашиш учун янги яхлит тизим жорий этилаётгани маълум қилинди.

Бунинг учун «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилингани, мазкур тармоқда лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига давлат жамғармаси томонидан қатор имтиёзлар берилаётгани таъкидлади.

Форум доирасида Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туманларда ўрганиш олиб бораётган ишчи гуруҳнинг, соҳани ривожлантиришдаги муаммолар бўйича берган хулосалари ҳам муҳокама қилинди.

Жумладан, тизимли ва идоралараро камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, муҳандис-қурувчилар ҳамда девелоперлар ҳам иштирок этди.

Улар ўртасида тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, бунда тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш каби масалалар бўйича фикр алмашилди, дея хабар беради банк Ахборот хизмати.