Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари: ички бозорда маҳсулот нархининг ошиб кетмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда?
14:49 / 2022-09-29

Замонавий меъморчилик янги, сифатли, арзон, енгил ва зилзилабардош, инновацион маҳсулотларни талаб қилади.

Бугун мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати соҳасига илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш масаласида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

Инновацион ривожланиш вазирлиги Мис саноати кластерлари ва иқтисодиётни инновацион ривожлантириш бошқармаси етакчи мутахассиси Беҳзод Толибовнинг таъкидлашича, бугунги кунда қурилиш материалларининг маҳсулот тури, сифати, ҳажмини кўпайтириш, уларни ишлаб чиқаришда замонавий, самарали ва тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда кенг миқёсдаги ишлар тизимли амалга оширилмоқда. 

Хусусан, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ҳозирги кунда қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш ва янги турларини ишлаб чиқиш бўйича умумий қиймати 12,1 миллиард сўмлик 10 та (шундан 7,7 млрд. сўмлик 6 та амалий, 4,4 млрд. сўмлик 4 та инновацион) лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ўтган 2017-2021 йилларда амалга оширилган умумий молиялаштириш ҳажми 2,75 миллиард сўм бўлган 6 та лойиҳа якунланган. 2021 йилда қурилиш соҳасига тааллуқли 13 та ишланма тижоратлаштирилган бўлиб, жами 0,73 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва 1,06 миллиард сўмлик маҳсулот реализация қилинган ҳамда 2,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий йил давомида кимёсаноат йўналиши бўйича 16 та лойиҳа тижоратлаштирилмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан 17,7 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда тармоқ ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 12,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилинди. 

2019-2022 йилларда стартап лойиҳалар танлови натижаларига кўра, жами 7,5 миллиард сўмлик қурилиш ва архитектура соҳасига оид 9 та стартап лойиҳалар молиялаштирилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида соҳа кесимида 162 та янги ишчи ўрни яратилиши режалаштирилган. Жорий йил давомида кимёсаноат йўналиши бўйича 16 та лойиҳа тижоратлаштирилмоқда.  

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикасининг "HuaTai Beton Build Materials LLC" компанияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида имзоланган Англашув меморандумига асосан Наманган шаҳрида умумий қиймати 1 млн. АҚШ доллари бўлган қурилиш бетони ва бетон плита ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида қурилиш ишлари якунланиб, зарурий ускуналар Хитой давлатидан олиб келиниб, монтаж ишлари якунига етказилмоқда. Лойиҳа доирасида 15 та янги иш ўринлари яратилади. 

ҚУРИЛИШ МАТEРИАЛЛАРИГА ИННОВАЦИЯЛАР КИРИБ КEЛМОҚДА 

Сўнгги беш йилда янги турдаги инновацион, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи гулқоғоз, суюқ гулқоғоз, золоблок, газоблок, пеноблок, полистролблок, композит (асбестсиз) шифер, юмшоқ том ёпқич материаллари, иссиқлик изоляция материаллари, базальтдан арматура, базальтдан тола, базальтдан сетка, фрита, геотекстил, геомембрана, геосетка, георешетка, геокомпозит каби қурилиш материаллари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлаштирилди. 

Гипс асосидаги қуруқ қурилиш аралашмаларига ўсимлик ва ёғоч қипиқларини қўллаш, маҳаллий хом ашёлар асосида электрод бутловчи маҳсулотлар олиш, янги авлод комплекс қўшимчали кўпик-бетон структураси ва технологияси, маҳаллий хом ашёлар асосида кўпчитилган вермикулитни гидрофоблаш ва енгил иссиқлик сақловчи материаллар технологиялари ва шу каби тадқиқот натижалари амалиётга жорий қилинган. Бу ўз навбатида, нафақат ички бозорни таъминлаш, балки хорижий давлатларга экспорт қилишга ҳам имконият яратмоқда. 

2020-2021 йилда 38 та тадқиқот натижаси амалиётга қўлланилган ҳамда «Кварц» АЖ томонидан умумий қиймати 700 млрд. сўмлик «Янги сайқалланган ойна флоат-линияси» инновацион лойиҳаси Хитой, Германия, Франция каби саноати ривожланган мамлакатларнинг илғор технологияларининг трансфери асосида амалга оширилди. 

2022-2023-йилларда янги турдаги инновацион қурилиш материаллари, жумладан, 2022 йилда базальтдан арматура – 300 тонна, геосетка – 6 минг кв.м, суюқ обой – 510 тонна, газобетон (автоклав усулда) – 183 минг куб.м, кварц қумидан минерал плиталар – 9 минг тонна, шунингдек, 2023 йилда 18 минг тонна базалътдан композит қувурлар, 300 минг кв.м HPL панеллари (юқори босимда прессланган) ишлаб чиқарилади. 

Айни пайтда инновацион фаолият субъектлари томонидан бозорга янги қурилиш материалларини таклиф қилиш кўламини кенгайтиришга қаратилган замонавий экотизим шакллантирилмоқда. 
 
 

Муҳайё Тошқораева, 

ЎзА