Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари экспорти географияси кенгаймоқда
17:20 / 2021-07-28

Қарор ва ижро

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган даврда уюшма таркибидаги корхоналар томонидан жами 4 триллион 348,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 121,9 фоизни ташкил этди. Шундан уюшма таркибидаги йирик саноат корхоналари томонидан 3 триллион 186 миллиард сўмлик, кичик бизнес корхоналари томонидан эса 1 триллион 162,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга уюшма алоҳида эътибор қаратмоқда. Унга кўра, хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида 867,37 миллион долларлик 39 та лойиҳа бўйича жорий йилда 327,6 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришга 101 миллион доллар ташаббускорлар, 11,6 миллион доллар банк кредитлари ва 215 миллион доллар хорижий инвестициялар ҳамда кредитлар маблағлари йўналтирилади.

Мазкур йилда жами 306 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш ва 1 625 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Жорий йилнинг I ярим йиллигида 39 та инвестиция лойиҳаси бўйича жами 115,3 миллион доллар, шундан 84,3 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Шундан умумий қиймати 5 миллион доллар бўлган "Monolith Asia" МЧЖ ҚКда пайвандлаш электродларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди ва 200 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳудудларни саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида дастлабки рўйхатга асосан 2021 йилнинг I ярим йилликда 3 триллион 148 миллиард сўм ўзлаштириш белгиланган.

Ушбу даврда қиймати 1 триллион 824 миллиард сўмлик 338 та лойиҳа ишга туширилди ва 3 минг 722 та янги иш ўрни вужудга келди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида янги турдаги импорт ўрнини босувчи флоат ойна, цемент, базальт ва шиша момиғидан иссиқлик сақловчи плиталар, базальт толасидан композит арматуралар, қувурлар ва геосеткалар керамогранит, гулқоғоз, мармар, травертин ва гранит плиталари, лок-бўёқ маҳсулотлари, керамик плиткалар ва санитар-техник буюмлар, газобетон ва пенобетон блоклари, паркет, ламинат, ДСП каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

2021 йилнинг I ярим йиллигида қурилиш материаллари саноати соҳаси бўйича жами 148,8 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилиб, белгиланган режа 142 фоизга бажарилди ва ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 бараварга таъминланди. Жумладан, ушбу даврда 28,8 миллион доллар ПВХ профиллар ва трубалар, 15,8 миллион доллар алюмин профиллар, 27,9 миллион доллар керамик плитка ва керамика маҳсулотлари, 15,8 миллион доллар қуруқ қурилиш аралашмалари ва цементдан боғловчи материаллар, 9,9 миллион доллар цемент, 3,6 миллион доллар гулқоғоз каби қурилиш материалларининг экспорти амалга оширилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистондан ташқари, Озарбайжон, Туркия, Россия, Украина ва Хитой давлатлари ҳисобига кенгайтирилди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси корхоналари томонидан 2021 йил январь-июнь ойларида жами 125,9 миллион долларлик импорт амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,7 миллион долларга ёки 16 фоизга камайган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги “2020-2021 йилларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорга асосан 2021 йилда 17 турдаги 905 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш белгиланган. Бу талабларга мувофиқ, 2021 йилнинг I ярим йиллигида маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 320,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган. Амалда эса жорий йилнинг ушбу даврида 451,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, режани 141 фоизга бажарилиши таъминланди.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва унинг таркибидаги корхоналар мамлакатимизда қурилиш маҳсулотлари саноатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга монанд сифатли, рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида фаолият кўрсатмоқда. Зеро, инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш, Маҳаллийлаштириш дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, ички ва ташқи бозорни янада кенгайтириш ушбу ташкилотнинг устувор ва асосий вазифасидир.

Жамшид ШЕРМЕТОВ,

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси

Матбуот хизмати раҳбари.

ЎзА