Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш материаллари экспорт ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларга етказилади
12:26 / 2025-12-03

Мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш, тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш бугунги кун талабидир. Президентимизнинг жорий йил 1 декабрда қабул қилинган “Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори айнан шу устувор вазифалар учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур қарор саноатни модернизация қилиш, экологик талабларга жавоб берадиган, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш ҳамда тармоқ корхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳисобланади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов қайд этганидек, Президент қарори тармоқдаги тизимли ислоҳотларни янада тезлаштиришга хизмат қилади. 

–Айниқса, экологик тоза ва энергосамарадор материаллар ишлаб чиқариш бўйича белгиланган вазифалар маҳаллий корхоналарга янги бозорларга чиқиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун муҳим асос яратади. Бу ҳужжат барча ишлаб чиқарувчи субъектларга аниқ йўналиш ва стратегик мақсадларни белгилаб берди. Хусусан, Президентимиз қарорига асосан тармоқни ривожлантириш  кўзда тутилган. Унга кўра, ишлаб чиқариш ҳажмини 62 триллион сўмга етказиш, қурилиш саноати корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш ва экспорт ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда экологик тоза, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда улардан қурилиш жараёнларида босқичма-босқич фойдаланишни йўлга қўйиш режалаштирилган, –деди Ж.Шерметов.

Қарорга мувофиқ, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларининг Афғонистон ҳудудига “Термиз” автойўл ўтказиш пункти орқали Давлат чегарасидан хавфсиз ўтиб-қайтиши таъминланади. Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш ваколатига эга ташкилотлар лойиҳа-смета ҳужжатларини шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш жараёнида қурилишда қўлланилиши мўлжалланган материаллар ҳажмининг камида 25 фоизи экологик тоза, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материалларидан иборат бўлишини текшириш амалиётини жорий этади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА