Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилиш-экспертиза сифати янада яхшиланади
17:53 / 2025-07-14

Сирдарё вилоятида замонавий қурилиш-экспертиза лабораторияси ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ўтказилган музокараларда шу ҳақида сўз борди.

Мазкур ташаббус Президентимизнинг 2025 йил 1 июлдаги “Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолиятида таълим тизими самарадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилади.

Лаборатория ҳудудда қурилиш сифатини самарали назорат қилиш, техник экспертиза салоҳиятини ривожлантириш ҳамда соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Учрашувда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори Зафар Ҳакимов, Тошкент архитектура-қурилиш университети ректори Баҳром Тўлаганов, Хитой Халқ Республикасининг бир қатор етакчи инвесторлари, шунингдек, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Музокаралар чоғида лабораторияни илмий-техник жиҳозлар билан таъминлаш, хорижий сармояларни жалб этиш, лойиҳанинг ҳудудий аҳамияти ва амалий жиҳатлари кенг муҳокама этилди. Шунингдек, қурилиш жараёнларида сифатни ошириш, шаффофликни таъминлаш ва янги технологияларни амалиётда синовдан ўтказиш каби вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Йиғин якунида томонлар лаборатория лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорлик доирасида қўшма фаолиятни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришдилар.

– Агар лойиҳа амалга ошса, у Сирдарё вилоятида қурилиш соҳасида илк бор юқори технологиялар асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган экспертиза маркази сифатида фаолият юритади, – Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори Зафар Ҳакимов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири