Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурилаётган объектлар қонунийлигини текшириш учун онлайн-харита ишга туширилди
13:24 / 2025-12-20

Ўзбекистонда янги қурилаётган уй-жой ва биноларнинг қонунийлигини текшириш имконини берувчи онлайн-харита ишга туширилди.

Энди фуқаролар уй-жой сотиб олишдан олдин қурилиш объектининг ҳуқуқий мақоми, лойиҳа ҳужжатлари ва амалга ошириш муддатлари билан онлайн тарзда танишишлари мумкин.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, мазкур платформа орқали бутун республика бўйлаб барча янги қурилаётган объектлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти яратилди. Онлайн-харита Республика урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш маркази сайтида жойлаштирилган.

Платформа орқали ҳар бир объект бўйича қуйидаги маълумотлар тақдим этилмоқда. Умумий тавсиф ва жорий ҳолати, жойлашув манзили, буюртмачи ҳақидаги маълумотлар, блоклар, қаватлар ва квартиралар сони тақдим этилмоқда.  

Шунингдек, ҳар бир қурилиш объекти учун QR-паспорт шакллантирилган бўлиб, унда қурилишга рухсат олинган сана, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, экспертиза хулосалари ва архитектура-шаҳарсозлик кенгаши қарорлари, қурилиш ишларининг тахминий тугалланиш муддати акс этган.

Онлайн-харитада объектлар ҳолатига қараб ранглар орқали белгиланган: қизил — қурилиши тўхтатилган объектлар, кўк — қурилиш жараёнида бўлган объектлар, қора — музлатилган ёки бекор қилинган лойиҳалар.

Фойдаланувчилар объектларни кадастр маълумотлари орқали қидиришлари, турли йўналишлар бўйича саралашлари мумкин. Ноқонуний қурилишлар алоҳида белгиланиб, аниқланган қоидабузарликлар ҳам кўрсатилган.

Қайд этилишича, dshk.shaffofqurilish.uz (https://dshk.shaffofqurilish.uz/) платформасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда. Мазкур функционал йил охирига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Ш.Маматуропова,

ЎзА