Сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта муомалага киритиш борасида тизимли ишлар қилиняпти.
Бироқ ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ноқонуний қурилмалар қуриш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учраётгани бу борада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ягона назорат тизимини жорий этиш, ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижроси юзасидан Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси ҳамкорлигида жойларда ер қонунчилиги, ерлардан самарали фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари юзасидан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Бўстонлиқ, Паркент, Янгийўл ва Қибрай туманларида олиб борилган мониторинглар давомида жами 1 минг 352 та ҳолатда 372,2 гектар ер майдонда ер қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Шундан 1 минг 84 та ҳолатда 238,4 гектар ер майдони ўзбошимча эгаллаб олинган. Жумладан, 270 та ҳолатда 24 гектар турар-жойлар, 382 та ҳолатда 66,9 гектар нотурар-жойлар қурилган. 265 та ҳолатда қурилишларсиз ўзбошимча эгаллаб олингани, 82 та ҳолатда юридик ва жисмоний шахслар томонидан 105,9 гектар ер самарасиз фойдаланиб келинаётгани аниқланди.
Бундан ташқари, электрон аукцион савдоларга чиқариш учун 254 та ҳолатда 34,3 гектар бўш ер майдонлари ҳалигача сақланиб турибди. Шу каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Кадастр агентлиги ҳудудий бўлимлари томонидан 841 та ер қонун бузилиш ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилди. Шу билан бирга 18 та ҳолатда қонунни бузган шахсга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилди, 49 та ер қонун бузилиш ҳолати жойининг ўзида бартараф этилган ва ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш бўйича судларга 39 та даъво ариза киритилган.
Бу каби камчиликлар кўп, кўрсаткичлар юқори. Бироқ бу вилоятнинг атиги 4 та туманида ўтказилган ўрганиш натижалари, холос. Кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамай, фуқаро ва тадбиркорлар томонидан кўр-кўрона қурилиш ишлари ҳалигача давом эттирилмоқда. Аммо Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.
“Қуриб олаверайлик, ҳужжатлари кейин бўлади” қабилида иш тутиш ҳолатлари ҳамон давом этяпти. Бунинг оқибати негадир ўйлаб кўрилмаяпти. Ер кодексининг 1-моддасида Ер умуммиллий бойликлиги, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Аҳоли, айниқса, тадбиркорлар ер муносабатларида қонун талабларига риоя қилиши мақсадга мувофиқдир.
А.Мусаев, ЎзА