Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуриб кетган миллионлаб кўчатлар — масъулларга қандай чоралар кўрилди?
14:39 / 2023-07-04

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг ахбороти тингланди. Унда депутатлар қатор саволларни ўртага ташлади.

— Ижтимоий тармоқларда кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда экилгани ва бунинг оқибатида қуриб кетгани аҳоли томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, — деди депутат Аъзамжон Тўлабоев. — Бу борада ҳисоботда келтирилганидек, Навоий вилоятида 3,2 миллион, Тошкент вилоятида 1,9 миллион, Сурхондарёда 404 минг, Хоразмда 338 минг, Қашқадарёда 336 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 283 минг, Тошкент шаҳрида 247 минг дарахт ва кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилгани боис қуриб қолган. Келгусида бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун масъулларга қандай чоралар кўрилди?    

— Ҳақиқатан ҳам аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларда бу ҳолатлар негатив тарзда муҳокама бўлди. Афсуски, режани бажараман, деб дарахтларни номига экиш ҳолатлари, албатта, жуда катта камчилик. Қонунчиликда ҳам жазо чораларини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Эндиликда авваломбор, экиладиган ҳар бир дарахт лойиҳа асосида, пудратчиси, буюртмачиси, яъни, масъуллари белгиланган, шартнома асосида тасдиқланган ҳолда экилади.  

Ўтган давр мобайнида вазирлигимиз томонидан кўкаламзорлаштириш борасидаги ишлар юзасидан 10 мингдан ортиқ мажбурий кўрсатмалар берилди. 800 дан ортиқ масъулларга 1 миллиард 200 миллион сўмга яқин жарималар қўлланилди.    

Бундан буёғига дарахтларни экишда илмий ёндашув ва лойиҳага асосланган ҳолда, мажбуриятлар белгиланган шартнома асосида амалга оширишга эътибор қаратилади, — дея жавоб қайтарди Азиз Абдуҳакимов.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА