Саёҳат манзиллари
Қашқадарёнинг Муборак тумани чўллари битмас-туганмас кенглик. Бир томондан Бухоро, иккинчи томондан Самарқанд. Бу сарҳадлар орасида гўё вақт тўхтаб қолгандек, табиатнинг ўзи ҳам бир олам.
Бундан бир неча ой аввал мубораклик чўпон билан суҳбатда шу ҳудудда тўқайзорларга бой, ҳайвонот дунёси гуллаб-яшнаган бир сой борлигини эшитган эдик. Унинг ҳикояси шунчалик жозибали эдики, ўша заҳотиёқ Шўрсойни ўз кўзимиз билан кўриш истаги уйғонганди.
Ниҳоят фотомухбир билан йўлга тушдик. Муборакка етиб боргач, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Илёс Маҳмудов ҳам саёҳатимизга қўшилди. А380 трассасидан бурилиб, Истиқлол маҳалласи орқали ўтдик. Намунали уйлар тугаган заҳоти чўлнинг таниш манзараси саксовул, юлғунзор ва шамол уриб кетган адирлар бошланди.
Утрор қишлоғи одамлар яшайдиган охирги манзил. Бу ердан кейин фақат чўл, сукунат ва табиатнинг ўз қонунияти бошланади. Бизга йўлбошчилик қилиб бораётган Илҳом Қурбоновнинг “Ҳозир сойга олиб чиқаман”, деган сўзлари умид бағишларди.
Чўл ҳавоси қишда ҳам ўзига хос: қуриб қолган янтоқ, қизғиш тус олган саксовул, олисда сурув-сурув қўйлар. Чўл қушлари номаълум меҳмонлардан чўчиб, қўрқув билан парвоз қилади. Тинчлик ва сукунат остида эса ҳаёт қайнайди.
Йўлда бир асрлик қудуққа дуч келдик. Илҳом ака бу қудуқдан яқин-яқинларгача сув олиб келинганини айтади. Аммо охирги йилларда сув сатҳи шунчалик пасайиб кетганки, ҳозир у бутунлай қуриб қолган. Янги қудуқ қазишга эҳтиёж туғилганини шу манзаранинг ўзиёқ айтиб турарди.
Шўрсойга олиб борувчи йўллар эса қўй излари каби бир-бирига чатишиб кетган. Қай бири қаерга олиб боради, ажратиб бўлмайди. Бир неча бор адашиб, яна йўлга тушдик. Ниҳоят манзилга ҳам етдик.
Аммо чўпонлар айтган гўзал Шўрсой ўрнида қуриб қолган, тузга ботган кенг водий ётарди.
Эни тахминан 500 метр келадиган сойнинг ўрнида қип-қизил туз қатлами қор ёққан кенгликни эслатади. Бир тарафи қалин тўқайзор. Ҳамроҳларимиз айтганидек, бу сой бир вақтлар одамни бўйламайдиган сув билан тўлиб оққан. Унга қишлоқ хўжалиги майдонларидан оқиб келган коллектор ва зовур сувлари ҳаёт бағишлаган экан.
Сўнгги йилларда эса бу сувлар майдонларни суғоришга йўналтирилди. Сойга сув келиши деярли тўхтаган, натижада юзлаб гектар майдон тузга ботиб қолган.
Тўқайзор ҳали тирик. Қамишлар шовуллайди, қушлар шовқин солиб сайрайди. Бироқ бу ғовур-ғувур остида хавотир бор – сув келмас экан, бу ернинг ҳаёти ҳам сўнади. Чўл лочини эса баландда тинмай айланиб, парвоз қилар экан, гўё шундай дейди: “Табиатга таъсир қилиб бўлмайди у ўз ҳақини бир куни талаб қилади”.
[gallery-26677]
Мен Орол денгизида бўлганим йўқ, аммо қуриб қолган Оролнинг кадрлари кўз олдимдан ўтди. Шўрсой устида юрарканман, туфлигим туз қатламига ботаркан, бир нарсани аниқ ҳис этдим: Инсон табиат мувозанатини қачонки бузса, табиат ҳам унга жавоб қайтаради.
Бу сой қурийдиган бўлса, тўқай ҳам қуриши, қушлар кўчиши, ҳайвонот дунёси янги манзил излашга мажбур бўлиши тайин. Бу табиий жараён эмас, балки инсон қўли билан келтириб чиқарилган оқибат.
Шу атрофда чўпонлар қўй боқиб юраркан, улардан бири:
“Сув пастдан келяпти, ҳали бу ерга етиб келади”, – деди.
Бу сўзлар бизга ҳам умид бахш этди. Сой бўйлаб юқори томонга кўтарилдик. Анча йўл юрдик ва ниҳоят сув бошига етдик.
Дарҳақиқат, сув келаётган экан. Аммо биз кутгандай тўлиб-тошган ҳолда эмас майин, секин, “хўмрайиб”. Гўё қўрққандай, гўё шубҳа билан.
Бу сув сойга қайта ҳаёт бағишлайдими? Ёки кеч бўлиб қолдими? Ушбу саволга ҳозир ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Шўрсой фақат сой эмас у сабоқдир. Шўрсойнинг қуриб бориши бу кичик бир табиий ҳодиса эмас. Бу сув тақчиллиги, табиатга нисбатан тежамсиз муносабат ва экологик мувозанат бузилиши каби катта жараёнларнинг кичик бир кўзгусидир.
Сойни сақлаб қолишнинг имкони бор. Бунга сув таъминотини меъёрлаштириш, коллектор сувларини оқилона тақсимлаш, атрофдаги тўқайзорларни муҳофаза қилиш, чўл ҳудудидаги экологик ўрганишларни кучайтириш каби чоралар керак.
Шўрсойнинг яна жўшқин ҳолда оқиши бу фақат табиатнинг эмас, балки инсоннинг ҳам ғалабаси бўларди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lMzEaTTcEeA" title="Qurib borayotgan Sho‘rsoy izidan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари