Глобал иқлим ўзгариши йирик экологик муаммолар келтириб чиқармоқда. Баъзи ҳудудларда сув сатҳининг кўтарилиши, тошқинлар, қурғоқчилик каби офатлар ҳам кузатиляпти. Бу эса экологик вазиятнинг издан чиқаётганидан далолат беради. Ушбу йирик экологик муаммолар нафақат Марказий Осиё, балки Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаслиги аниқ.
Иқлим ўзгариши, аномал иссиқ об-ҳаво сув танқислиги ва қурғоқчиликка сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз-ўзидан қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экологик муаммоларни кучайтириб, ижтимоий, сиёсий ҳолатнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда. Мавжуд муаммоларнинг олдини олиш ва экологик муҳитни барқарорлаштириш мақсадида Uzcosmos агентлиги БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) билан ҳамкорликда Марказий Осиё учун ерни масофадан зондлаш технологияларига асосланган қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизимини яратиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Унинг доирасида минтақа давлатларига қурғоқчиликни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда техник ресурслардан ўз вақтида фойдаланиш бўйича кўмак берилади. Хусусан, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос шароитини инобатга олган ҳолда қурғоқчиликни тезкор кузатиш тизими ва экинларни булутли мониторинг қилиш платформасини яратиш режа қилинган.
[gallery-24807]
Жорий йилнинг 18 август куни Рақамли технологиялар вазирлиги биносида ўтган халқаро семинарда иштирокчилар мазкур лойиҳани Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашиб, мавжуд имкониятларни муҳокама этишди. Қурғоқчилик нафақат табиий иқлим омиллари, балки инсон фаолияти, хусусан, сув ресурсларининг нотўғри бошқарилиши билан ҳам боғлиқ. Сўнгги йилларда космик технологиялар қурғоқчилик мониторинги, баҳолаш ва олдини олишда муҳим воситага айланди. Сунъий йўлдошлар орқали олинган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, экология ва сув хўжалиги соҳаларида қарорлар қабул қилиш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, қурғоқчиликка қарши курашишда космик мониторинг асосий воситалардан бири ҳисобланади. Жумладан, масофадан зондлаш орқали сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида тупроқ намлиги, ўсимлик қопламаси, сув ҳавзалари майдонидаги ўзгаришларни аниқлаш мумкин. MODIS, Sentinel, Landsat каби йўлдошлар юқори аниқликдаги тасвирларни олишда қўл келади. Қолаверса, NDVI (Normalized Differencе Vegetation Indех) каби индекслар ёрдамида эса ўсимликларнинг соғломлиги ва ҳосилдорлигини прогноз қилиш мумкин бўлади.
Агарда масалага жиддий эътибор қаратилмаса, бу занжирга айланган ҳолда жуда кўп муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мазкур офат сабаб мамлакат сув танқислиги, тупроқ деградацияси, охир-оқибат эса ҳосил ва озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзлашади. Uzcosmos агентлиги ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётган Марказий Осиё учун ерни масофадан зондлаш технологияларига асосланган қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизими бу борада ўзига хос лойиҳалардан бири бўлиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА