Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгариши ва сайёрамиз экологик ҳолатининг мураккаблашиши билан боғлиқ муаммолар мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, жорий йилнинг қурғоқчил келишини ҳам мутахассислар, аввало, айнан шу омил билан боғламоқда.
Қурғоқчиликнинг оқибатлари эса қишлоқ хўжалиги тармоқларида энг кўп акс этади. Биргина қоракўлчиликда бу ҳолат яйловларда озуқа камайиб кетишига олиб келади. Айримлар бу вазиятда мамлакатимиз чорва молларининг камайиши ва гўштнинг нархи ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Хўш, бундай фикрлар асослими? Бунга аниқлик киритиш учун ЎзА мухбири Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси раиси ўринбосари Оламгир ТОШПЎЛАТОВ билан суҳбатлашди.
– Мамлакатимизда гўшт таннархини арзонлаштириш бу – Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда унинг таркибидаги тузилмалар диққат марказида бўлган муҳим масала ҳисобланади, – деди О.Тошпўлатов. – Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 апрелдан бошлаб Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этилди. Шунингдек, унга кўра, майда шохли молларнинг суб маҳсулотлари экспорти ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу эса қоракўлчилик билан шуғулланувчи субъектлар мана шу экспортдан етарли даромад олиши ҳисобига ички бозорга қўй гўшти етказиб бериш учун харажатлари қопланиши, жумладан, бозорларимизда қўй гўшти нархининг арзонлашишига олиб келади.
– Қурғоқчилик шароитида ҳам қоракўлчиликни ривожлантириш, чорва моллари камайиб кетишининг олдини олиш мақсадида уюшма томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?
– Қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш бўйича қўмита ва унинг таркибидаги тузилмалар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам шу мақсадга, жумладан, чорва молларини кўпайтириш ва бозорда гўшт нархини меъёрда ушлаб туришга хизмат қилади.
Жумладан, бу йилги қурғоқчиликни ҳисобга олган ҳолда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси томонидан қурғоқчилик туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, бу борада бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жойларда ҳаво хароратининг кескин совиб кетиши, ёғингарчилик кам бўлганлиги сабабли яйловлар ҳосилдорлигининг жуда паст даражада эканлигини инобатга олиб, “Қоракўлчилик” уюшмаси ўз аъзоларига кучли озуқа ва омухта ем сотиб олишда молиявий кўмак бериб келмоқда. Шу кунгача уюшма томонидан уларга 8 миллиард 180 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, майда шохли мол эгалари қўй ва эчкиларни кучли озуқалар билан боқиш ва талафотнинг олдини олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Маълумки, қурғоқчилик шароитида яйлов экотизимларининг мустаҳкамлигини ошириш ва ҳолатини яхшилаш – Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси таркибидаги Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирда улар томонидан энг асосий масала, яъни куздан бошлаб кластерлар томонидан яйловларни яхшилаш борасида бир қатор тезкор чоралар кўриш дастурлари ишлаб чиқилди. Чунки куз мавсумида чўл озуқабоп ўсимликларининг уруғи пишиб етилади, қиш мавсуми уларни экишнинг оптимал муддати ҳисобланади. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти томонидан чўл яйловларининг ҳосилдорлигини оширадиган технологиялар ишлаб чиқилган. Институтнинг баҳорги-ёзги, кузги-қишки яйловлар яратиш технологияси, қора саксовулдан иҳотазорлар яратиш технологиялари кластерлар томонидан амалиётда қўлланилмоқда.
Шунингдек, яқин вақтлар ичида мамлакатимизда Нидерландиянинг майда шохли молларини кўпайтириш, Ўзбекистонда деградацияга учраган яйлов майдонларини деградациядан чиқариш ва бу борада нидерландиялик мутахассисларни жалб қилиш йўлга қўйилмоқда.
Шунга кўра, мутахассисларимиз томонидан Нидерландиянинг майда шохли моллар етиштирадиган маҳаллий фермер хўжаликлари фаолияти ўрганилди. Ушбу соҳа вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди ва тегишли компаниялар билан чорва молларини етказиб беришнинг ташкилий масалалари ҳал қилинди.
– Жорий йил янги гранулали ем ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ишга туширилиши мумкин экан. Бу жараён йўлга қўйилдими?
– Ҳа, албатта. Хусусан, 39 та янги гранулали ем ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган ва тегишли чоралар кўрилаяпти. Ушбу корхоналар ишга туширилгач, кучли озуқага бўлган талаб қондирилади.
Шунингдек, қоракўлчилик-наслчилик МЧЖлар чорва молларининг озуқага бўлган талабини қондиришда ғалла экинларидан бўшаган майдондан такрорий экинлар экиш учун суғориладиган ер майдонлари ажратилишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Қурғоқчилик бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда Пиллачилик ва қоракўлчилик қўмитаси бошчилигида қоракўлчилик кластерлари томонидан 2021 йилда республика бўйлаб 73 та янги бўрдоқичилик комплекси қурилмоқда. Бу лойиҳаларга деярли 28 миллион доллар инвестиция киритилади. Ваҳоланки, бир неча йил аввал мамлакатимиз қоракўлчилигида биронта ҳам шундай комплекс бўлмаган.
– Айни вақтда чорва моллари қандай шароитларда боқилмоқда?
– Иқлим шароитининг ноқулай келганлиги боис ҳозирги кунда чорва моллари тоғ ҳамда тоғолди худудларидаги яйлов майдонларида боқилиши йўлга қўйилган. Ёз ойларида қўй ва эчкилар сувли ғалладан бўшаган майдонларда 7-8 фоиз ғалла бошоқларининг тўкилиб қолиши эвазига боқилади. Кейинчалик чорва молларини лалми ҳудудлардаги ғалладан бўшаган майдонларда боқиш йўлга қўйилади. Куз ойларининг охири-қиш ойларида кучли ва дағал хашак озуқалари бериб боқилиши натижасида чорва молларини сақлаб қолиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, майда шохли мол эгаларининг қўшимча даромад олишини таъминлаш мақсадида қўй жуни ва терисини қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маълумки, бир неча йил илгари қўй жуни ва териси қўшимча даромад манбаи бўлиши у ёқда турсин, ҳаттоки утилизация қилиниши қийин бўлган ортиқча даҳмазага айланиб қолганди. Ҳозирда эса вазият мутлақо ўзгарди. Мамлакатимиз бўйлаб кўплаб янги қайта ишлаш қувватлари ишга туширилиши, қирқим жараёнлари автоматлаштирилиши ва тизимли йўлга қўйилиши натижасида жун ва тери майда шохли мол эгалари учун ишончли даромад манбаига айланди. Жумладан, биргина жорий йилда республика бўйича умумий ҳисобда 63 та қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади.
ЎзА мухбири
Гулноза БОБОЕВА суҳбатлашди.