Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурғоқчил ҳудудларда гидрогелдан фойдаланиш қандай самара беради?
15:27 / 2024-06-20

Умуман, сув танқислиги муаммоси Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Бу эса вақт ўтиши билан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ишларида катта муаммоларни вужудга келтириши мумкин.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа бош мутахассиси Ўрозали Шоназаровнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг сув танқис бўлган ҳудудларида гидрогелдан фойдаланиш яхши натижа берар экан.

– Сир эмас, сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини қурғоқчилик, сув танқислиги, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар ташвишга солмоқда, – деди Ў.Шоназаров. – Шу сабабли, илмий муассасамиз олимлари сув танқис бўлган ҳудудларда гидрогелдан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилди.  

Таъкидлаш керакки, иқлим ўзгариши оқибатида 2050 йилга бориб, Тянь-Шань ва Помир тоғ тизмаларидаги жами музликларнинг 30-50 фоизгача бўлган қисми эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 миллион квадрат метрга етиши мумкин. Сув тақчиллигининг ортиши уни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш зарурлигини англатади.

Кейинги йилларда Германия, Япония, Хитой каби мамлакатларда ўсимликларни парвариш қилишда турли хил ноанъанавий сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. Мисол учун, Японияда ҳаво ҳароратига қараб шаклини ўзгартирувчи гидрогель яратилган. У эгилувчан бўлиб, сувни ўзига шимиб олганда кенгаяди ва намликни ўсимлик томирига беради. Сўнгра олдинги ҳолатига қайтади ва яна намликни йиға бошлайди. Шу боис, бу чўл-дашт ҳудудларидаги ўсимликларни суғоришда жуда қўл келади. Хитойда чўл ҳудудидан ўтувчи 450 километр магистраль йўл бўйида гидрогель ёрдамида иҳоталанган дарахтзор ва яшил қоплам барпо этилган.  

Ана шундай халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам гидрогель имкониятларидан кенг фойдаланиш сув танқислиги муаммосида ижобий ечим бўла олади, дейиш мумкин.

Хўш, бу маҳсулот нима ва у қандай яратилган? Гидрогель – сувда юқори бўкувчан синтетик полимер бўлиб, у тупроқ таркибида кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имкониятига эга. Ушбу маҳсулот асосан мамлакатимизда мавжуд бўлган маҳаллий хомашёлар асосида синтез қилинган. Шу сабабли, маҳаллийси шу каби импорт маҳсулотларга нисбатан баҳоси 8 баробар арзон, лекин уларнинг хусусиятлари бир хилдир.

Гидрогель қишда ёмғир, қор сувларида намликни ёки ёзда суғоришдаги сувни ўзига шимиб, узоқ вақт сақлайди ҳамда ўсимликлар илдизига нам бериб туради. У ўз оғирлигидан 400-500 маротаба кўп ёмғир сувини, 200-400 маротаба кўп тупроқ намлигини юта олади.  

Бир гектар майдонга 35-50 кг. гидрогель сарфланиши ҳисобига тахминан 120-140 метр куб сув тежашга эришилади. Тувакда ўстириладиган ўсимликлар учун 50-80 фоиз, қишлоқ хўжалиги экинлари учун 20-40 фоиз сувни тежаш имконияти яратилади. Дала шароитидаги гидрогель ўз хусусиятини 2-3 йил давомида йўқотмайди.  

Эскирган гидрогель қолдиқлари эса тупроқ таркибини бузмайди ва ўсимликлар томонидан азотли ўғит сифатида ўзлаштирилади.  

Юқорида келтирилган таҳлилларга кўра, гидрогелдан республикамизнинг сув танқис ҳудудлари, тоғ ва тоғолди (бодом, писта, ёнғоқ), лалмикор ерларида, Оролбўйи ва чўл ҳудудларида (саксовул, юлғин ва ҳоказо), магистраль йўл бўйларда дарахтзорлар барпо этишда фойдаланиш тавсия этилади. Бунда тажриба сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида тажриба участкалари ташкил этиш мақсадга мувофиқ.  

Шунингдек, шаҳарсозликни ривожлантириш жараёнида «Яшил макон», «Янги Ўзбекистон» массивларини яратиш мақсадида кўкаламзорлаштиришда (газон, гул, манзарали дарахтлар), ландшафт ва дизайнда, истироҳат боғларида кенг фойдаланиш имконияти мавжуд.  

Хулоса қилиб айтганда, гидрогелдан фойдаланиш бошқа турдаги сув тежовчи технологияларга нисбатан арзонлиги, самарадорлиги, ер релефи ва ҳажми ҳар хил майдонларда қўллаш мумкинлиги ҳамда жараённинг қисқа муддатда амалга оширилиши ва ортиқча харажат талаб этмаслиги билан фарқ қилади. Таъкидлаш жоизки, у табиий тоза маҳсулот бўлгани ва энг асосийси фойдаланиш муддати тугаганидан сўнг тупроққа сўрилиб кетиши туфайли тупроқ таркибига, ҳудуд инфратузилмасига, экология ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилмайди.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.