Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурбон ҳайити юксак савияда нишонланади
15:23 / 2025-06-03

Сурхондарё вилоятида Қурбон ҳайитини халқимизнинг кўп минг йиллик миллий анъана ва урф-одатларига мувофиқ байрам руҳида ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида воҳада улуғ айёмни муносиб кутиб олиш, юқори савияда ўтказиш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, улуғлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Шунга кўра, тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва қабристонлар, маҳалла, кўча-куй ва кўп қаватли уйлар атрофида ободонлаштириш юмушлари бошланди.

Улуғ айём куни мўмин-мусулмонлар субҳидамдан вилоятдаги 130 дан ортиқ масжидда Қурбон ҳайити намозини адо этади. Айни пайтда масжидларни тартибга келтириш, теварак-атрофини ободонлаштириш баробарида аҳолининг ёнғин, йўл ҳаракати ва бошқа хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фавқулодда юз бериши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ангор туманидаги “Абу Исо ат-Термизий” жоме масжидида ташкил этилди. Махсус-тактик ўқув машғулотида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари фавқулодда давлат қуйи хизматлари ҳамкорлигида масжидда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва ёнғин ҳодисаларининг олдини олиш бўйича амалий машғулот ўтказди.

Шу кунларда мутахассислар воҳадаги барча жоме масжидларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Байрамни юқори савияда хавфсизлик қоидаларига риоя этган ҳолда осойишта ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири