Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурбон ҳайити – улуғ байрам
11:48 / 2024-06-16

Ўзбекистон халқи ер юзидаги жамики ислом уммати қатори меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи – муборак Қурбон ҳайитини катта шоду хуррамлик билан кутиб олди. Айни пайтда бу муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотлар, улкан мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини таъкидлаш жоиз. Кейинги йилларда шаклланган яхши анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан бу йил ҳам бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланди. Бу хонадонларимизга, ҳаётимизга Ийд ал-адҳонинг эзгулик нури, чинакам байрам кайфиятини олиб киришга хизмат қилади.

Арафа кунидан бошлаб дунё мусулмонлари қатори ҳаж ибодатини адо этиш учун келган юртдошларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири ҳаж ибодатини бажаришга киришдилар. Мино, Арафот, Муздалифа, Маккадаги Масжидул Ҳаром каби ибодат жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга, мустақил юртимиз ва меҳнатсевар халқимиз ҳамда барча мўмин- мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик, хотиржамлик, файзу-барокат ва яхшиликлар ҳамда фаровонлик сўраб дуолар қилмоқдалар. Айни пайтда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро ҳаж ибодатига муяссар бўлади. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилмоқда. Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқда. Бу йилдан бошлаб бир янгилик – Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Ҳозиргача 1 минг 515 та хатм ўқилиб, Ўзбекистонга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинган.

Давлат раҳбари юртдошларимиз муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади. Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятдаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳам зиёратчиларга жуда қулай шарт шароитлар яратди. Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд Ғазода Исроил амалиётлари оқибатида ҳалок бўлганларнинг минг нафар оила аъзоларини ҳаж зиёратига қабул қилиш тўғрисида фармон чиқарди. Подшоҳлик махсус фармон билан 2322 кишига ҳаж зиёрати учун квота ажратган. Шундан мингта ўрин Исроил томонидан ўлдирилган ёки ярадор қилинган, Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар оила аъзолари учун ажратилган. Саудия Арабистони қироли, шунингдек, 88 давлатдан яна 1300 киши учун ўрин ажратган. Шу жумладан, Ўзбекистондан 10 нафар зиёратчилар учун. Яна 22 нафар ўрин Сиам эгизаклари туғилган хонадонлардаги тарбиячиларга ажратилган. Ушбу қарор Ислом ишлари, даъват ва шариат вазирлиги томонидан назорат қилинадиган «Икки муқаддас масжиднинг ҳаж ва умра учун меҳмонлари» дастурининг бир қисми эканлиги билдирилган. Ушбу дастур доирасида 26 йилдан кўпроқ муддатда 60 000 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига қабул қилинган. Ислом ишлари, даъват ва шариат вазири Абдуллатиф ибн Абдулазиз ал-Шайхнинг айтишича, бу буйруқ Саудия Арабистони раҳбариятининг бутун дунё мусулмонларига доимий ғамхўрлиги ҳамда мусулмонлар ўртасида бирлик ва биродарликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини акс эттиради.

Айнан Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан Хаж ва умра зиёратларига квоталар миқдори оширилди. Қолаверса, Саудия Арабистони билан ўрнатилган қалин дўстона муносабатлар бунга имкон бермоқда. Бугун Саудия Арабистони ҳам Ўзбекистон каби ижобий маънода ўзгарди, ислоҳотлар давом этяпти. Саудияда «Vision 2030» дастури амалга ошириляпти. Бу – Саудия Арабистонининг йирик иқтисодий ислоҳотлар дастури ҳисобланади. У мамлакатни анъанавий иқтисодий тизимдан ривожланган, барқарор, кучли ва халқаро миқёсда рақобатбардош иқтисодий тизимга эга давлатга айлантириш учун жорий қилинган дастурдир. Ўтган бир неча ўн йиллар мобайнида Саудия Арабистонининг миллий, маданий ва иқтисодий куч асоси фақатгина нефть экспорти ва энергетика соҳаси бўлиб келди. Углеводород экспорти умумий экспортнинг 85 фоизигача бўлган қисмини ҳамда давлат даромадларининг катта қисмини ташкил қилар эди. Ҳозирги вақтда нефть ЯИМнинг атиги 30-40 фоизини ташкил қилади. Подшоҳлик оиласи келажакда барқарор иқтисодиётни шакллантириш, узоқ муддатли даромад манбаларини яратиш, замонавий инновацион технологияларни татбиқ қилиш, иқтисодий парадигмаларни ўзгартириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтириш йўлидаги зарур чора-табдирларни бошлаган. 2016 йили шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Абдулазиз ал-Сауд жаҳон иқтисодиётида янги тармоқлар ривожланиб, тараққиётнинг анъанавий усуллари ўз кучини йўқотиб бораётганини ҳисобга олиб, Саудия Арабистони учун янги тараққиёт йўналишини белгилади. «Vision 2030» (Нигоҳ 2030) номи билан маълум бўлган мазкур дастурда 2030 йилгача Саудия Арабистонини мисли кўрилмаган даражада ривожлантириш, уни Яқин Шарқнинг мустаҳкам ва мутлақ биринчи молиявий марказига айлантириш, араб-мусулмон дунёсида етакчилик мақомини мустаҳкамлаш ва шу орқали жаҳонда етакчи иқтисодий куч марказларидан бири мақомига эришиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. 

«Vision 2030»нинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат. 

Саудия Арабистонини жаҳоннинг ривожланган 19- давлатидан иқтисодий жиҳатдан тараққий этган 15-мамлакати даражасига олиб чиқиш; мамлакатда хусусий сектор улушини ЯИМнинг 40 фоизидан 65 фоизигача ўстириш; 

Нефтга боғлиқ бўлмаган экспорт улушини 16 фоиздан 50 фоизгача кўтариш; Давлатнинг нефтга боғлиқ бўлмаган даромадларини 163 миллиард Саудия риалидан 1 триллион Саудия риалигача ошириш;

Макка ва Мадинага келувчи зиёратчилар сонининг йиллик 8 миллионлик кўрсаткичини 30 миллионгача ошириш; 

2030 йилга келиб, ҳарбий техник харажатларнинг 50 фоизидан ортиғини маҳаллийлаштириш; 

Нефть ва газ соҳасидаги миллийлаштиришни 40 фоиздан 75 фоизгача кўтариш; 

Давлат инвестиция жамғармаси активларини 600 миллиарддан 7 триллион Саудия риалигача ошириш.

Саудия қироллик оиласи, хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўз мамлакатининг 2030 йилга келиб, жаҳондаги етакчи куч марказларидан бирига айланишида уч асосий устуворлик мавжуд деб ҳисоблайди, улар: араб-мусулмон дунёсининг маркази сифатидаги етакчилик мақоми, инвестицион салоҳияти ҳамда стратегик қулай ўрнидан фойдаланиб, халқаро савдонинг бошқарувчиларидан бири бўлиш ва шу орқали Африка, Осиё ҳамда Европани бирлаштирувчи куч сифатида ўз-ўзини намоён қилиш. Мазкур дастурда ички иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар билан бирга минтақавий ҳамда халқаро миқёсдаги ташқи сиёсатга ҳам алоҳида урғу берилган. Сўнгги йилларда мамлакат ташқи сиёсат борасида фаоллик кўрсатиб, ўзининг анъанавий ҳамкор давлатлари географиясини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунга кўра, Саудия Арабистони мусулмон дунёсидаги етакчилик мақомини мустаҳкамлаш, ривожланаётган мусулмон давлатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, истиқболли бозорларни излаб топиш мақсадида Марказий Осиё минтақасига эътибор қаратмоқда. Сўнгги беш йилда Саудия минтақага йўналтирган сармояларининг энг катта қисмини Ўзбекистон иқтисодиётидаги турли тармоқлар, хусусан, энергетика соҳасига йўналтирди. Шунга кўра, айтиш мумкинки, янгиланаётган Саудия Арабистонининг иқтисодий келажаги учун пойдевор вазифасини ўтаётган «Vision 2030» янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин. 2016 йилдан Ўзбекистонда бошланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат шароитида Араб давлатларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўйича Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган асосий вазифалардан келиб чиқади. 

2020 йилдан эътиборан, Саудия Арабистонидаги етакчи компаниялардан бири «ACWA Power» Ўзбекистон энергетика бозорига энг кўп сармоя киритаётган хорижий инвесторлардан бири бўлиб турибди. Яқин Шарқ минтақасида йирик компания ҳисобланадиган «ACWA Power» электр станцияларини, шунингдек, сувни чучуклаштиришга мўлжалланган саноат иншоотларини қуриш, лойиҳалаш, молиялаштириш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган. Компания халқаро майдондаги фаолиятини Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 12 мамлакатда амалга оширади. Сўнгги йилларда у Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда катта лойиҳаларни амалга оширишга киришган. 

«Visiоn 2030» дастурида назарда тутилган янги ва истиқболли сармоявий бозорларни топишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ҳамда ривожланаётган мусулмон давлатларни қўллаб- қувватлаш тамойилларига содиқликни ҳисобга олган ҳолда Саудия билан нафақат энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга, балки унинг улкан салоҳиятидан бошқа бир қатор тармоқларни ривожлантиришда ҳам фойдаланиш самарали натижаларга олиб келади. Хусусан, соғлиқни сақлаш, металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация соҳаси, транспорт ва логистика, фонд бозорини ривожлантириш, туризм каби қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш республикада мазкур соҳалар ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Саудия Арабистони Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш ҳамда хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кейинчалик етказиб беришни ташкил этиш асосида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва чорвачилик соҳасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони қўшма корхоналарини ташкил этишга катта қизиқиши мавжуд ва у бу борада аниқ дастурлар ишлаб чиқилишини кутмоқда. 

Абдували Сойибназаров