Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурбон ҳайити арафасида эҳтиёжманд оилаларга беғараз ун, буғдой ва картошка маҳсулотлари тарқатилмоқда
13:30 / 2022-07-03

Фарғона вилоятида Қурбон ҳайити арафасида хайрли ишларнинг кўлами кенгаймоқда. Жорий йилги ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиб, улкан хирмон уйишга эришган Фурқат тумани фермерлари ўз фермер хўжаликлари аъзоларига, ҳудудларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга ун, буғдой ва хўжалик учун зарур маҳсулотларни беғараз тарқатмоқда.

2022 йил ғалла ҳосили давомида тумандаги 204 та ғалла етиштирувчи фермерлар, ғаллачилик кластери билан биргаликда эҳтиёжларидан ортган дон маҳсулотларини кам таъминланган оилаларга етказиб бериш мақсадида хайрия тадбири уюштирди.

Ғаллачилик кластерига тегишли ун тегирмонида мавсумда етиштирилган донни қайта ишлаб, 60 га яқин эҳтиёжманд оилаларга 50 килодан ун маҳсулотлари, 60 нафар ижтимоий "дафтарлар"да турувчи аҳоли вакилларига 1 қопдан картошка ва буғдой маҳсулотлари беғараз тарқатилди. 

Уюшқоқ фермерлар ҳамда ғалла кластери қурбон ҳайити арафасида ўз олдига бундай хайрли амалларни давом эттиришни мақсад қилган.

Жараёнда иштирок этган туман ҳокими Жаҳонгир Жуманов саховатпеша фермерлар ҳамда ғаллачилик кластерининг ушбу аҳдини эътироф этиб, уларга миннатдорлик билдирди. Йиғилган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашаркан, туман раҳбари хайрли ишлар ҳали бардавом бўлишини таъкидлади. Масъулларга улуғ айём кунларда бу каби эзгу тадбирларни янада уюшқоқлик билан ташкил этишни давом эттириш, жараёнларга кам таъминланган, “дафтарлар” рўйхатига киритилган оилалар вакилларини кўпроқ қамраб олиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берди. 

Фуқаролар ҳам бундай ғамхўрлик ва давомли эътибор, юртимиздаги халқчил ислоҳотлардан мамнунликларини билдиришди. Бундай савобли ишлар туманнинг барча ҳудудларида кенг кўламда давом эттирилади.

М. Сулаймонов, ЎзА