5 декабрь куни ФИФА томонидан 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими ўтказилади.
Мамлакатимиз вақти билан соат 22:00 да Вашингтон шаҳрида ташкил этиладиган мазкур йирик тадбирда иштирок этадиган бошловчилар ва санъаткорлар рўйхати эълон қилинди. Унга кўра, маросимни супермодель Хайди Клум, таниқли комик актёр Кевин Харт ҳамда актёр Дэнни Рамирес олиб боради.

Шунингдек, маросимнинг бадиий қисмида жаҳон эстрадасининг таниқли санъаткорлари — италиялик машҳур тенор Андреа Бочелли, британиялик поп-юлдуз Робби Уильямс ва хонанда Николь Шерзингер ўз чиқишлари билан иштирокчиларга байрамона руҳ улашади. Афсонавий “Village People” гуруҳи ҳам тадбирда иштирок этиб, машҳур “Y.M.C.A.” қўшиғини ижро этиши кутилмоқда.

Эътиборли жиҳати, ушбу нуфузли тадбирда ЎФА раҳбарияти, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро, мураббийлар штаби ҳамда ФИФА томонидан махсус таклиф этилган ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимов ҳам қатнашади.
48 та терма жамоа иштирок этадиган мундиал қуръаси учун саватлар қуйидагича тақсимланган:
1-сават: Канада, Мексика, АҚШ, Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Голландия, Бельгия, Германия.
2-сават: Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Австрия, Эквадор, Австралия.
3-сават: Норвегия, Панама, Миср, Жазоир, Парагвай, Тунис, Шотландия, Кот-д’Ивуар, Қатар, Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Жанубий Африка.
4-сават: Иордания, Кабо-Верде, Гана, Кюрасао, Гаити, Янги Зеландия, УЕФА вакили 1, УЕФА вакили 2, УЕФА вакили 3, УЕФА вакили 4, плей-офф 1, плей-офф 2.
Маълумот учун, 2022 йил Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатида Аргентина терма жамоаси ғолиб чиққан бўлса, Франция термаси эса вице-чемпион бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА