English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қумсултон кенгликлари ўзлаштирилмоқда
15:28 / 2022-03-10

Бухоро вилояти Бухоро туманининг Қумсултон кенгликларида ташаббускор тадбиркор “Бухоро чорва омад” МЧЖ жамоаси 235 гектар ер очишни бошлади.

– Шу кеча-кундузда оғир техника ва механизмлар, ишчи кучи ёрдамида 12 гектар ер очиб, текислаб, тупроқ ишларини бажардик, – дейди “Бухоро чорва омад” МЧЖ раҳбари Султонмурод Латипов. – Кучли шўрланган тошлоқ ва ташландиқ ердан ҳар куни 1 гектарга яқин ер очишга муваффақ бўляпмиз. Шу йил биринчи ярмида ер майдонини тўлиқ очиб, ўзлаштириб, иккинчи ярмида чўл шароитида сув тақчиллиги боис томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш ҳаракатидамиз. Янгидан обод қилинаётган ернинг 50 гектари интенсив усулда боғ барпо этишга ажратилади. Тупроқ мелиоратив ҳолати махсус лаборатор текширувидан ўтказилди. Хулоса олингач, ўрик, олма, шафтоли, гилос ёки анордан истиқболли ва мос деб топилгани танланиб боғ яратишга киришилади. Мутахассислар ва “ер билан тиллашадиган” тажрибали агрономлар билан маслаҳатлашган ҳолда бу ерда токзор барпо этиш имконияти ҳам бор.

Қолган ер майдонида эса МЧЖ чорва моллари учун маккажўхори, ўт-беда, буғдой каби озуқабоп экинлар етиштириш кўзда тутилган. Негаки, чорва молларини боқиб кўпайтиришга ихтисослашган хўжалик йилнинг иккинчи ярмида чет элдан келтириладиган зотдор қорамолга даъвогарлар сафига киритилган. Биринчи босқичда хўжалик 300 бошга етказиб қорамол парваришлашни мақсад қилган.

Зариф Комилов, ЎзА