ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида аҳоли бандлигини ошириш, ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган инвестицион лойиҳалар изчил ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири Қумқўрғон туманининг Азларсой маҳалласида барпо этилган “Qumtex Invest” тўқимачилик корхонасидир.
[gallery-27196]
Умумий қиймати 73,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳага кўра, корхона йилига 8 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш ҳамда 45 миллион погон метр мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Жараён пахта толасини ип-калава қилишдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни қамраб олади. 12 гектар майдонда жойлашган корхона Германия, Италия, Жанубий Корея ва Туркияда ишлаб чиқарилган илғор ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу маҳсулот сифатини халқаро стандартлар даражасида таъминлаш имконини бермоқда.
Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти ҳам салмоқли. Ҳозирнинг ўзидаёқ 800 нафар маҳаллий аҳоли доимий ва барқарор иш ўрни билан таъминланган. Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, давлат бюджетига йилига 110 миллиард сўм тушум киритиш, шунингдек, 65 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт ҳажмига эришиш режалаштирилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА