Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қумқўрғонда эҳтиёжманд талабаларнинг контракт пуллари тўлаб берилмоқда
15:59 / 2022-02-10

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшаб, олий таълим муассасаларида ўқиётган, контракт тўловини тўлашга имкони бўлмаган, эҳтиёжманд оила фарзандлари, чин етим, ярим етим 23 нафар талаба учун тўлов-контракт маблағининг 50 фоизи ёки 65 миллион 590 минг сўми тўлаб берилди.

Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янгича тизими яратилиб, уларнинг турмушини манзилли ўрганиш йўлга қўйилди. Бу борада Қумқўрғон туманида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. «Ҳоким ва ёшлар» учрашувларида йигит-қизлар ўртага ташлаётган муҳим масалалар ўз ечимини топмоқда.

Туманда 18-30 ёшдаги 55 минг 913 нафар навқирон авлод яшайди. Ўтган йили манзилли ўрганиш чоғида уларнинг 3 минг 888 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Шунингдек, олий таълим муассасаларида ўқиб, тўлов-контракт пулларини тўлашга қодир бўлмаган юзга яқин талабанинг 211 миллион сўм маблағи тўлаб берилди.

Жорий ўқув йили учун тўлов-контракт пулининг ярми тўлаб берилган талабалар сафида Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи Рустам Абдушукуров ҳам бор. Билимга чанқоқ, интилувчан Рустам улкан орзу-умидлар билан Термиз давлат университетининг хорижий филология факультетида таълим олмоқда. Тақдир тақозоси билан ота-онасидан эрта айрилган талаба оиласида моддий етишмовчилик юзага келиб, контракт пулини тўлашга имконияти етмай қолди.

– Бу йил иккинчи курсдаман, – дейди Р.Абдушукров. – Жорий ўқув йили учун тўлов-контракт пулини тўлашга қийналиб турган эдим. Бу масала ҳал бўлганини эшитиб, жуда қувондим. Бу ғамхўрлик мени янада кўпроқ изланиб, ўқиш ва юртимизга муносиб мутахассис бўлишга ундади. Биздек қўли калта ёшларга эътибор қаратаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Қумқўрғон туман ҳокими Р.Гаппаров олий таълим учун тўлов-контракт пуллари тўлаб берилган талабалар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Уларнинг келажакдаги орзулари билан қизиқди. Яхши ўқиб, билимини янада бойитиши ва келгусида Ватан тараққиёти учун самарали меҳнат қилишига катта ишонч билдирди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА