Қумқўрғон туманига прокурор ҳоким бўлди
Бугун халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Туман ҳокими Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Депутатлар ушбу лавозимга Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Фаррух Холиқов номзоди маъқуллади.

Фаррух Холиқов 1985 йил Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 2009 йил Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йил Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида хизмат қилган.
Тайинловга қадар Денов тумани прокурори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов иштирок этди.
Х.Маматрайимов, ЎзА мухбири