Дарё ўзанлари мустаҳкам бўлиши ва тоза сақланиши, табиийки, сув ресурсларининг мусаффо бўлиши, тежалишини англатади.
Аммо бу борада малакаси бўлмаган тадбиркорларнинг лицензия олиб дарёдан қум-шағал қазиб олиши оқибатида дарё ўзанлари тиклаб бўлмас ҳолатга келиб қолмоқда. Қирғоқлар кенглиги беш юз метрдан ортиб кетган ва ҳатто ўзан йўналишлари ўзгариб кетаётган ҳолатлар бор.
Дарё ўзанлари ҳаддан зиёд пастга тушиб кетаётгани ер ости чучук сувларини ҳам ифлослантирмоқда, сув сатҳи пасайиб кетмоқда.
Бу муаммога ечим топиш мақсадида Сенат томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборган.
Сенат ялпи мажлисида мазкур сўров натижаси кўриб чиқилди.
Парламент сўровига берилган жавобда сув ҳавзаларида лицензия асосида қум-шағал қазиб олаётган 94 тадбиркорлик субъекти фаолияти ўрганилгани қайд этилган. Уларнинг 12 тасида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби, 25 тасида лицензия шартлари бузилган.
Андижон, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги муаммоли ҳолатларнинг салмоқли қисми бартараф этилиб, сув ҳавзалари чегара ҳудудларини кўрсатувчи белгилар ўрнатилган.
Бироқ, сўровда кўтарилган муаммоларнинг ҳаммаси ҳам қамраб олинмаган. Айрим масалалар очиқ қолган. Айрим йўналишлардаги муаммолар долзарблигича қолмоқда.
Масалан, қум-шағал қазиб олаётган тадбиркорлар томонидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби жорий этилмаган.
Бузилган ер майдонларини рекультивация қилиш ва давлат захирасига қайтариш бўйича талабни бажармаган субъектларга нисбатан қонунчиликда таъсир чоралари йўқ.
Тадбиркор томонидан дарё ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини тозалаш, шунингдек, қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари қонун талаблари асосида амалга оширилаётганлигини текшириш ёки ўзбошимчалик билан фойдали қазилмаларни қазиб олишга йўл қўймаслик бўйича назорат тадбирларини ўтказиш имконияти чекланган.
Шунингдек, уларнинг табиатга етказган зарарини ҳисоблаш услуби мавжуд эмас. Бу ҳол эса пала-партишликка олиб келмоқда.
Масалан, 157 минг м3 ҳажмда қум-шағал белгиланган ҳудудлардан ташқарида ноқонуний қазиб олинган. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ўзан туби чуқурлашиб, ер ости сувларининг сатҳи пасайиши билан боғлиқ 30 ҳолат аниқланиб, тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан суд органларига 35 тақдимнома киритилган.
Тошкент вилояти ҳудудида кон ишлари тўлиқ якунланган ҳамда лицензия (рухсатнома)нинг амал қилиш муддати тугаган 71 тадбиркорлик субъектига берилган 1,6 минг гектарга яқин майдон рекультивация қилинмаган.
Бундан ташқари, тегишли ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларидаги камчиликлар айрим тизимли муаммоларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Яна бир масала. Амалдаги қонун ҳужжатларда дарёлардаги кўприклардан ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 километрли масофада қум ва тошлар қазиб олиш учун карьерлар барпо этиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Бироқ, бугунги кунда халқаро аҳамиятдаги ҳамда дарёлар ва сойлардан ўтувчи кўприкларнинг муҳофаза зонасидан қум-шағал қазиш ишлари олиб борилганлиги аниқланди. Оқибатда кўприк остидаги сув ўзанлари пасайиб кетган ва кўприкнинг таянч устунлари очилиб, авария ҳолатига келиб қолган.
Мажлисда ушбу муаммолар ечими бўйича зарур чоралар кўрилиши қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА