Аслида қулупнай баҳор васлининг неъматларидан бири сифатида дастурхонимизга етиб келиши билан қадрли. Кейинги пайтларда эса унинг турли эрта пишар навлари кўпайиб бориши натижасида иссиқхона шароитида йилнинг исталган вақтида ҳам етиштириш йўлга қўйилган.
Қулупнай таркибидаги фойдали минераллар овқат ҳазм қилиш тизимига яхши таъсир қилади, организмни тозалайди, қариш жараёнини секинлаштиради. Киши кайфиятини кўтаради. Шу боис қулупнайнинг ҳар доим, ҳамма жойда харидори кўп. Уни етиштириш эса яхшигина даромад келтиради.
Жумладан, Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалласи “Бунёдкор” қишлоғида яшовчи Матлуба Ҳамидова томорқасидаги 20 сотих иссиқхонанинг 10 сотихида қулупнай ҳамда 10 сотихида бодринг етиштирмоқда.

Матлуба Ҳамидова 2017 йилдан бошлаб иссиқхонада қулупнай етиштиришни бошлади ва бу иш оиласи учун яхши даромад манбаига айланди. Бу йил қулупнайнинг экспортбоп, даромадли турларини етиштиришни йўлга қўйди. Иссиқхонада етиштирилган қулупнай 25-30 кун аввал пишиб етилади. Бу эса йилига 2-3 мартагача ҳосил олиш имконини яратади.

– Бир неча йилдан буён қулупнайнинг “Ўзбекистон” навини етиштириб яхшигина даромад оляпмиз. Қулупнай кўп йиллик ўсимлик бўлиб, парваришини қилсангиз тўрт йил давомида ҳосил олиш мумкин. Биз етиштираётган “Ўзбекистон” нави совуққа чидамли. Меваси хушбўй тамли бўлади, – дейди Матлуба Ҳамидова.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири