Қулупнайчилик ўзига хос брендига айланган Наманган вилояти Учқўрғон туманида айни вақтда уч минг гектарга яқин майдонда қулупнай етиштирилмоқда.
Бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда эндиликда хорижий юқори ҳосилли навларни гидропоника усулида етиштириш орқали йил давомида узлуксиз ҳосил олиш, кам харажат билан юқори даромадга эришиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Айни шу мақсадда ҳудудда йирик инвестиция лойиҳасига киришилиб, 15 гектар ерда замонавий гидропоника технологияси асосида қулупнай етиштириш мажмуаси барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, қиймати 35 миллиард сўмни ташкил этади.

Лойиҳанинг бир қатор устувор жиҳатлари бўлиб, у йил давомида барқарор ва юқори ҳосилдорликни таъминлаш, сув ва минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, экспортбоп маҳсулот етиштириш, янги иш ўринлари яратиш, бунинг пировардида аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартиришга катта ҳисса қўшади.

Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов иштирокида мазкур лойиҳага "оқ фотиҳа" берилди. Лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқотда, маҳсулотни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш занжирини тўлиқ йўлга қўйиш, замонавий агротехнологияларни янада кенг жорий этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА