Замон шундай тезликни талаб қиляптими, билмадим, ҳар куни ишга шошилиб кетаман. Катта машина йўлларидан ҳам шошилиб, баъзан йўл ҳаракати қоидаларига, йўлчироққа ҳам эътибор бермай кесиб ўтавераман.
Бугун ҳам шундай бўлди.Доимгидай катта йўлда йўлчироқнинг ранглари ўзгаришини кутишга ҳам сабрим чидамай, йўлдан кесиб ўтмоқчи бўлдим. Қулоғимда қулоқчин. Гўёки қўшиқ тингласам, манзилимга тезроқ етиб борадигандай. Катта йўлга бир-икки қадам босган эдимки, ортимдан кимдир келиб, қўлимдан ушлади.
Ортимга ўгирилиб қарасам, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими экан. Ўзини таништирди-да, йўлдан кесиб ўтаётганимда қулоғимдан қулоқчинни олишим лозимлигини таъкидлади. Пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидалари ҳақида эринмасдан тушунча бериб, амал қилмасам ачинарли ҳолатлар юз бериши мумкин эканлиги ҳақида огоҳлантирди.
Қулоқчинни сумкага солдим-да, йўлимда давом этдим. Хаёлимда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг сўзлари бот-бот айланарди. Ходим айтаверади, бу унинг вазифасида, деб ўзимни овутган бўлдим. Шу каби ўй-хаёллар билан уйга қандай келиб қолганимни ҳам билмай қолдим.
Уйга келсам, онамнинг кайфияти йўқ, нимадандир хафа эди. Бироз хавотирланиб сабабини сўрадим.
– Ҳозир телевизорда кўрсатишди. 25 ёшли бола қулоқчин тақиб йўлдан ўтаётган экан, машина сигналини эшитмай қолиб, автоҳалокатга учрабди. Воқеа жойида вафот этибди. Эндигина 25 баҳорни кўрган бўз йигит экан. Ота-онаси қандай чидаётган экан-а, – дея кўзларига ёш олди. Мен эса ўтирган жойимда музлаб қолдим. Қулоқларим остида бояги ходимнинг сўзлари жаранглар эди: “Қулоғингиздан қулоқчинни олинг, ҳурматли йўловчи”…
Ҳаёт- ранг-баранг камалакка ўхшайди. Унда оқ ранг ҳам бор, қора ранг ҳам. Икки ўртада бошқа ранглар каби ҳаёт лаҳзалари товланади. Берилган умрда гўзал яшамоғи, уни асраб- авайламоғи ҳар кимнинг ўз қўлида. Охирги пайтларда пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларни бузаётгани, йўловчилар йўлларда қулоқчинлардан фойдаланиши натижасида бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бераётгани ҳақидаги хабарларни тез-тез эшитмоқдамиз.
Республика йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида жами 1491 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада 394 нафар фуқаро ҳалок бўлган бўлса, 1168 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Бу кўрсаткичнинг 15,3 фоизи пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши натижасида содир бўлган.
Саломатлик– энг олий неъмат. Ўзимиз ва ўзгалар соғлигини асраш, айниқса, йўлларда ҳаракатланиш вақтида белгиланган қоидаларга амал қилиш ҳамда атрофдагиларга эътиборли бўлиш барчамиз учун жуда муҳимдир. Йўловчилар ўтиш жойидан ўтмай, йўл қоидаларига амал қилмаган йўловчиларнинг ҳаёти доимо хатар остида туради. Шундай экан, ўзингиз ва ўзгалар соғлигига беэътибор бўлманг. Йўлдан кесиб ўтаётганингизда қулоғингиздан қулоқчинни олинг, ҳурматли йўловчи?
Файзулло Яҳёев, ЎзА