French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қулай, тезкор ва хавфсиз — пойтахт юзига кўрк қўшаётган  ер усти метроси
10:22 / 2022-07-30

Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор

Вақт ва қулайлик — ҳозирги тезкор даврда энг муҳим омиллардан бирига айланиб бормоқда. Ҳамиша вақтдан унумли фойдаланиб, қулай хизматлар воситасида ишларимизга улгуришга ҳаракат қиламиз. 

Пойтахтимиз Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига ана шундай қулайликни, вақтни тежаш имконини тақдим этаётган муҳим жамоат транспортидан бири метро фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ёзнинг айни жазирама иссиқ кунларида салқингина, қишнинг эса совуқ, қор-ёмғирли кунларида иссиққина бўлган метро хизмати энг қулай, бехавотир ва хавфсиз ҳисобланади.

“Тошкент метрополитени” 1972 йилда қурилиши бошланиб, дастлаб “Олмазор” бекатидан “Амир Темур хиёбони” бекатигача бўлган илк Чилонзор йўналиши 1977 йилда ишга тушган. Бугунги кунда бекатлар сони 43 тага етди. Бир кунда ўрта ҳисобда 450-480 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти юзага келди.

Бунда Президентимизнинг ташаббуси ва қатъий иродасини алоҳида эътироф этиш жоиз. Маълумки, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк даврдан бошлаб “Тошкент метрополитени”нинг қурилиши тўхтаб қолган бекатлари ҳамда ер усти линиясини барпо этиш ташаббуси билан чиқди. 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қурилиш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди. Бу эса пойтахт аҳолисини хурсанд қилиб, йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш имкониятини янада кенгайтирди. 

Метродан фойдаланувчилар сони қанчага етди?

Пойтахтимиз бўйлаб ер усти ҳалқа метро линияларининг барпо этилиши, шубҳасизки, энг йирик лойиҳалардан биридир. Ушбу ҳаётий лойиҳа аҳолига қулай жамоат транспорт хизматини кўрсатиш даражасини оширди. Эрталабки 5:00дан тунги 00:00га қадар йўловчилар оқими тинмайди. 

— Юртимизда илк маротаба эстакада услубида барпо этилган ер усти метро бекатлари 2020 йилдан йўловчилар фойдаланиши учун ўз хизматини бошлаган, — дейди “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати раҳбари Миракбар Толипов. — Дастлабки босқичда барпо этилган “Дўстлик – Қўйлиқ” метро линияси 11,7 кмни ташкил этади. Ушбу ер устида қурилган метро бекатларининг Сергели йўналишида мавжуд 5 та бекатдан иборат йўлнинг умумий узунлиги эса 6,3 кмдан иборат. Таъкидлаш жоизки, “Тошкент метрополитени” ер усти метро бекатлари ва Юнусобод йўналишининг давоми сифатида барпо этилган метро бекатларининг ҳисобига айни вақтда 43 та метро бекатидан иборат бўлди. Жами узунлиги эса 59,5 кмга етди. Агар аввалги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, ушбу бекатлар барпо этилгунига қадар 29 та бекатдан ташкил топган 39 км масофадан иборат эди. Эндиликда ер усти ҳалқа йўли метро йўналиши “Қўйлиқ” метро бекатидан Сергели йўлининг 5-бекатига қадар давом этиши режалаштирилган. Ушбу бекатлар тўлиқ қуриб фойдаланишга топширилганидан сўнг “Тошкент метрополитени”нинг умумий узунлиги 70 кмдан ортиқ бўлади.

Метро линияларининг чекка ҳудудлардаги аҳоли манзилларига қадар етиб бориши, бекатлар сонининг кўпайиши, аввало, ундан фойдаланадиган йўловчилар оқимига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Яъни, айни пайтдаги йўллар тўлиқ ишга туширилгунига қадар кунлик йўловчи оқими 230-280 минг нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб кунлик йўловчилар оқими 450-480 мингни ташкил этмоқда.

[gallery-8077]

“Отим ориқ — манзилимга етолмайман...” — эски замонда қолди

Юқорида вақт ва қулайлик ҳақида тўхталган эдик. Дарҳақиқат, бугун транспорт соҳасидаги замон талабларидан энг муҳими тезкорлик ва қулайликдир. Бугунги кунда шаҳримиз кўчаларида кунора кўпайиб бораётган машиналар сони, юзага келаётган тирбандликлар, автобус кутиб қолиш каби ҳолатлар анчагина вақтингизни ўғирлайди. Асабни тирриқ қилиши эса яна бир муаммо. Бу каби манзаралар, одамнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда вақтнинг зое кетиши метро хизматига умуман бегона. Тирбандлик ҳам демайсиз, автобус ҳам кутмайсиз, асаблар ҳам жойида. Бир кунда қарийб 500 мингга яқин йўловчини ўз манзилига қулай ва шинам шароитда, энг муҳими, елдек учиб, тезда етказиш “Тошкент метрополитени”нинг асосий мақсади.

— Йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, қулайлик яратиш, уларни рози қилиш энг муҳим вазифаларимиздандир, — дейди “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати бош мутахассиси Тўйчи Мирзаев. — Айни пайтда “Тошкент метрополитени” томонидан йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида умумий сони 15 тани ташкил қилувчи сўнгги русумдаги замонавий ҳаракат таркиблари харид қилинган ва йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу янги таркибдаги вагонларда совутиш ва иситиш тизимлари мавжуд бўлиб, ёзда салқин, қишда иссиқ шароитларда йўловчилар ўз манзилига етказилади. Бундан ташқари, ушбу вагонлар ёруғ, шинам, қулай, ўриндиқлари етарли, ногиронлиги бор йўловчилар учун ҳам махсус ўриндиқлар мавжуд. 2022 йил якунига қадар Россия Федерациясининг “Метровагонмаш” заводи томонидан ишлаб чиқарилган замонавий услубдаги яна 14 та ҳаракат таркиби ҳарид қилиниши режалаштирилган. Бу эса поездлар вақт интервалини қисқартиришга, янада тезкор хизмат қилишга замин бўлади. 

Масалан, “Тошкент метрополитени” ҳозирги вақтда поездлар кутиш вақт интервалини қуйидагича белгилаган: эрталабги ҳамда кечки тиғиз вақтларда Чилонзор йўналишида 3-4 дақиқани, Ўзбекистон йўналишида 4-5 дақиқани, Юнособод йўналишида эса 7 дақиқани ташкил этмоқда. Янги ҳаракат таркиблари ҳарид қилиниб, фойдаланишга топширилганидан сўнг бу кўрсаткичлар яна 1 дақиқага қисқариши режалаштирилган.

Қулайлик ва имтиёзлар

Мабодо ҳамёнингизда нақд пулингиз қолмаган, фақат банк паластик картангиз ёки транспорт картангиз бўлса, хавотир олманг. Сиз метрополитендан бемалол фойдалана оласиз. Аслида бу янгилик бўлмай қолди. Хорижий тажрибалар ўрганилган ҳолда автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилганига анча бўлди. 

Ушбу тўлов тизими йўлга қўйилгандан буён йўловчиларнинг кассалар олдидаги турнақатор навбатларига анча барҳам берилди. Фойдаланувчи ўз мобиль қурилмалари орқали транспорт карта ҳисобини тўлдирган ҳолда тўловни амалга ошириши мумкин. Бундан ташқари, бир неча турдаги банк карталари орқали тўғридан-тўғри тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган. Шунингдек, NFC тизими, яъни смартфонлар орқали Click, Payme ва шу каби иловалар орқали телефондан тўлаш тизими жорий қилинган. 

Замон талабларига мос равишда метро йўловчиларига кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Масалан, “Алишер Навоий” ва “Минг Ўрик” метро бекатларида тиббиёт хоналари ҳамда “Чилонзор” метро бекатида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона барпо этилганини алоҳида эътироф этиш лозим. 

Бундан ташқари, метрополитен йўловчиларига қулай бўлиши учун замонавий услубдаги ва қулай йўл кўрсаткичларини ўрнатиш ишлари ҳам доимий эътиборда. Бу борада ер усти метро бекатларида кўзи ожиз йўловчилар учун вагондан чиқиш жойида махсус плиткалар ўрнатилган бўлиб, плитка орқали метро бекатидан кўчагача чиқиб кетишлари мумкин.

Метрополитен матбуот хизмати вакилларининг маълум қилишича, соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган оралиқда метрополитендан фойдаланувчи пенсионерларга имтиёзлар тақдим этилган. Яъни, пенсионерлар шу вақтда ҳеч қандай тўловларсиз метро хизматидан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, ўқувчи, талаба ва нафақахўрлар учун имтиёзли транспорт карталари мавжуд.

Йўловчилар нима дейди?

Ер усти ҳалқа метро линияларининг барпо этилиши шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига борадиган йўловчиларнинг узоғини яқин қиляпти. Шаҳар марказидан узоқроқ, жамоат транспортида бориш анча мушкул ва кўп вақтни оладиган ҳудудларга метро линиясининг етиб боргани ўша ҳудудлар аҳолисини янада қувонтирди, мушкулларини осон қилди, оворагарчиликларининг олди олинди. Йўлкира учун ортиқча сарф-харажатлар тежалди.

– Сергели йўлининг 4-бекатидан чиқиб, Ўзбекистон йўли орқали “Тошкент” метро бекатида тушаман, – дейди йўловчилардан бири И.Худоёров. – Чамаси 30 минут вақт сарфланади. Агар бу масофага енгил машинада бўлса, 50-50 минутдан сал кўпроқ юриш мумкин. Автобусда эса бемалол 1,30 соат кетади. Демак, автобус ва метро билан бориш ўртасида бир соат фарқ бор. Бу бир соат ичида қанча ишга улгуриш мумкин. Сергелида ер усти метро линиясининг қурилиши мен каби ҳар куни ишга қатнайдиган қанчадан-қанча аҳоли учун жуда катта қулайлик яратди. Ер усти метро йўли ишга тушгандан кейин янги олиб келтирилган замонавий вагонларнинг қулайлигини айтмайсизми!? Айни ёзнинг чилласида муздеккина вагонда, терга ботмасдан орастагина ишга борасиз. Қиш кунларида эса иссиқ ҳароратда, ёғин-сочинли кунларда шалаббо бўлмай, яна бехавотир юрасиз. Сергели ер усти метро йўли ишга тушгандан бери ана шундай қулайлик ва шинамлик ҳамроҳлигида, хотиржам, энг муҳими, қисқа вақтда ишхонамга етиб бораман.

– Баъзида жамоат автотранспортини кутиб туриш, кутганинга яраша чиқолсанг хўп-хўп, агар чиқа олмай қолсанг, кейингисини пойлайсан, яна шаҳарнинг ярмини айланиб, манзилинга борасан, – дейди “Дўстлик – Қўйлиқ” метро линиясида суҳбатдош бўлган йўловчимиз М.Шоумарова. – Шаҳримиз кўчаларида, айниқса, эрталабки ва ишдан қайтадиган пайтдаги тирбандликлар ҳам таъбингизни хира қилади. Бунақа тирбандликлар оқибатида ёқилғи сарфи ортиб, атмосферага катта миқдорда зарарли газлар чиқиши ҳам бир катта муаммо. Йўловчилар манзилига кечикиб, асабийлашади. Бунақа шароитда ишдаги чарчоқ бир томон, йўл чарчоғи бир томон бўлади. Хайриятки, “Дўстлик – Қўйлиқ” ер усти метро линияси ишга тушгандан буён бу каби сарсонгарчилик, асаббузарликларимиз ариди.  “Дўстлик-2” метро бекатидан “Қўйлиқ” метро бекатигача бўлган масофа 16 минутда босиб ўтилади. Йўл бўйи шаҳримиздаги ўзгаришлар, бунёдкорликларни томоша қилиб кетасиз. Бунақа имкониятлар бўлиши хаёлимизга ҳам келмаган. Пойтахтимиз бўйлаб ер усти метро линиясининг барпо этилиши шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари учун катта воқелик бўлди. 

Дарҳақиқат, бугун пойтахт аҳолиси қулай метро хизматидан самарали фойдаланиб, олис манзиллари ҳам яқин бўлганини айтишмоқда. Ер усти линиясидаги ҳар бир бекатлар миллий ва замонавий дизайн асосида пардозлангани, замонавий технологиялар, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозлангани йўловчилар учун қулай имкониятларни тақдим этаётир. 

Ён-атрофларининг обод ва гўзал масканга айлантирилгани эса кўрган кўзни қувнатадиган даражада. Бугун бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар амалга оширилаётганидан, қулай ва тезкор метро хизматидан фойдаланиш имконияти ортаётганидан аҳолининг кўнгиллари тоғ қадар юксалмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА