Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қулай шароит иш самарадорлигини оширади
11:38 / 2023-03-28

Сурхондарё вилоятидаги газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш шохобчаларида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали дам олиш ва овқатланиш хоналарини барпо этиб, ювиниш жиҳозлари билан таъминланган махсус кўчма контейнерлар ўрнатди. Вилоятда еттита газ тўлдириш иншооти истеъмолчиларга хизмат кўрсатмоқда. Уларда 110 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилиб, март ойининг ўтган даврида маиший газ баллонларга амалдаги 5 миллион 312 минг 348 тонна ўрнига 5 миллион 458 минг 680 тонна суюлтирилган газ тўлдирди.

Инсон манфаатлари улуғланаётган мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ишчи-хизматчиларнинг муносиб меҳнат қилиши, ишдан бўш вақтларида мазмунли дам олиши учун барча шароит яратилмоқда. Бундай эътибор юртимизни янги босқичда ривожлантириб, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш сифатини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Вилоятдаги газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш шохобчаларида яратилган замонавий шароитлар ҳам ходимлар учун бир қатор қулайлик яратиб, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.  

Бойсун воҳанинг чекка ва олис туманларидан бири. Айрим ходимлар ҳудуддаги газ тўлдириш иншоотига узоқ маҳаллалардан қатнаб ишлайди. Айниқса, об-ҳаво ноқулай бўлган кунларда улар ишдан қайтишда баъзи муаммоларга дуч келиши мумкин. Эндиликда яратилган янги шароитлар бу масалага чек қўйди. Ходим шу ернинг ўзида овқатланиб, тунаб қолиши ҳам мумкин.  

– Кейинги йилларда ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиб, барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бойсун газ тўлдириш шохобчаси техник ҳисобчиси Абдумажид Абдураҳимов. – Жумладан, бепул махсус иш кийимлари билан таъминлаш жорий этилди. Соғлигини сақлаши учун сут маҳсулотлари тарқатилади. Дам олиш ва овқатланиш хоналари ҳам тун-у кун уларнинг хизматида. Кўчма ювиниш хонаси ҳар бир ишчи-ходимнинг санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиб, меҳнат қилиши учун яна бир қулайлик бўлди. Шунингдек, газ тўлдириш станцияда газ сақлаш, унинг хавфсизлик чоралари, газ баллонни тўлдириш, баллонлардаги қолдиқларни бўшатиш каби барча жараёнлар видео камералар орқали кузатиб турилади. Бундай ўзгариш ва янгиланишлар жамоамизнинг ҳар бир аъзосига фахр бағишлаб, ўз вазифасини янада самарали бажаришга ундамоқда. Масалан, шу йил март ойининг ўтган даврида маиший газ баллонларга 247 тонна суюлтирилган газ қуйиб бердик. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан анча кўп.  

“Жарқўрғон” газ тўлдириш станциясида яратилган янги шароитлар ҳам ишчи-ходимларга бир олам қувонч улашди. Чунки, улар шу ернинг ўзида овқатланиши, дам олиши мумкин. Доимий иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган кўчма ювиниш хонасида ҳам барча қулайлик мавжуд.  

–Иш жойимизнинг ўзида янги масканлар қурилиб, фойдаланишга берилгани бизнинг ўз вазифамизга бўлган муносабатимизни янада ўзгартирди, – дейди “Жарқўрғон” газ тўлдириш станцияси синовчи мутахассиси Алишер Юнусов. – Мисол учун мен 40 километр узоқдан қатнаб ишлайман. Қишнинг совуғида ҳам, баҳорнинг серёғин кунларида ҳам ишга келаман. Албатта, бу айрим қийинчиликларни юзага келтирар эди. Энди ишдан жуда кеч қолсам ёки ёғингарчилик кунларда шу ерда тунаб қолишим мумкин. Дам олиш, овқатланиш ва ювиниш учун ҳам барча шароит муҳайё қилинган.  

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали мутасаддиларининг айтишича, мазкур иншоотларда ходимларга йўриқномада кўрсатилган меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги қоидалари, шунингдек, объектда ҳар қандай техноген ҳалокат юз берганида фуқаролар муҳофазасини таъминлаш, бундай ҳолатда бажарилиши зарур бўлган барча ҳаракатларни тўғри амалга ошириш ҳамда техник воситалардан тўғри фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар бериш йўлга қўйилган.  

– Бундан ташқари ҳар бир ходим иш жойида махсус формада бўлиши қатъий белгиланган, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Азиз Машрапов. – Шунингдек, техника хавфсизлиги бўйича ажратилган махсус кийимлардан, иш жараёнида меҳнат қуролларидан тўғри фойдаланиш талаб этилади. Бу тартиблар ходимларнинг техника хавфсизлигини таъминлашда, яратилган янги шароитлар эса уларни ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Барча ишларни масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ўзи ва истеъмолчилар саломатлигини хатарга қўймасдан бажаришига қулай муҳит яратади.  

 

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири