Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қулаб тушган “Талипоч қалъа дарвозаси”ни таъмирлаш учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилди
19:54 / 2022-03-15

“Талипоч қалъа дарвозаси”ни таъмирлаш учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 1 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти маданий мероc бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов маълум қилди.

Аввал xaбар берганимиздек, ҳафта давомида Бухоро шаҳрида кузатилган муттасил ёғингарчилик оқибатида  11 март куни кечки пайт “Талипоч қалъа дарвозаси”нинг чап томонида қалъа девори қулаб тушган.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк обектларининг Манзилли рўйхати” тасдиқланган. Унга кўра, мазкур объектни таъмирлаш-тиклаш ишлари Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси томонидан амалга оширилади.

Ҳозирда масъул соҳа мутасаддилари ва мутахассислар томонидан ушбу объектнинг лойиҳа олди ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, қадимда кўҳна ва боқий Бухорода Талипоч дарвозаси билан бирга Самарқанд, Ҳазрати Имом, Шергирон, Қарши, Қоракўл, Шайх Жалол, Намозгоҳ, Саллахона, Мозори Шариф номи билан 12 та дарвоза бўлган. Иккитаси, яъни Талипоч билан Қоракўл дарвозаси сақланиб қолган. Мустақиллик йилларида Самарқанд, Ҳазрати Имом, Шайх Жалол, Саллахона дарвозалари қайта тикланган.

Зариф Комилов, ЎзА