Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда миллатлараро тотувликни таъминлаш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар бугун Нуробод туманидаги Оқсой, Самарқанд туманидаги Миронқул ва Ўрта Оҳалик, Тожикистон билан чегарадош Булунғурнинг Хўжамазгил ва Ургут туманининг Сойғўс, Мўминобод, Қуйи Мўминобод, Чумчуқли, Терак маҳаллаларида давом этди.
Вилоят ва туманлар ҳокимликлари масъуллари, фаоллар жойларда ташкил этилган тадбирларда қатнашиб, аҳолини табриклади. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижалари қайд этилди. Бугунги осойишталик ва фаровонлигимиз халқларимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги натижаси эканлиги таъкидланди.
[gallery-22587]
– Уч кундан бери туманимизнинг қўшни Тожикистон билан чегарадош 15 ҳудудида дўстлик ва ҳамжиҳатликликни, миллий қадрият ва анъналаримизни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов. – Ўзбек ва тожик халқи азалдан ўзининг тарихи, маданияти ва анъаналари яқинлиги билан ажралиб туради. Кейинги йилларда бу яқинликни икки давлат ўртасида ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, икки мамлакат ўртасида чегараларнинг очиқлиги, савдо-сотиқ, маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар халқларимизни бир-бирига янада жипслаштиради ва ҳамкорлик алоқалари ривожланишига хизмат қилади.
– Маҳалламизда 5485 нафар аҳоли яшайди, – дейди Сойғўс маҳалласи раиси Рафиқ Абулфайзов. – Фуқароларимизнинг 70 фоиздан зиёдини тожик миллати вакиллари ташкил қилади. Маҳалламизнинг асосий драйвери узумчилик ва савдо-сотиқ бўлиб, қўшни Тожикистон халқи билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳатто халқларимизнинг яқинлиги қариндошлик ришталари билан боғланган.
Тадбирларда амалий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари, “Варраклар сайли”, миллий халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, аҳолига кўтаринки кайфият улашилди.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари