Қадим Турон ҳудудида Буюк ипак йўлида ўнлаб йирик шаҳарлар, савдо-тижорат ва ҳунармандчилик марказлари бўлган. Уларнинг бири, шубҳасиз, Фарғона водийси марказидаги Қубо шаҳристонидир. Қубо шаҳристони ҳозирги Қува шаҳри ҳудудида жойлашган бўлиб, милоддан аввалги III-II асрлардан то ўрта асрларига қадар мавжуд бўлган йирик шаҳар харобаларини ўз ичига олади. Айрим манбаларда у Қубо, Кубо, Кува номлари билан аталган. Тарихий манбаларда қайд этилишича ва олимларнинг тадқиқотларига кўра Қубо шаҳристони ҳунармандчилик гуллаб- яшнаган, Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи йирик шаҳарлардан бири бўлган.
– Қува ёдгорлигини ўрганиш 1957-1958 йилларда академик Яҳё Ғуломов бошчилигида катта археологик экспедиция билан бошланган, – дейди ФарДУ профессори Муҳаммаджон Исомиддинов. – Ўшанда рус археологи Булатова Қува ёдгорлигини ўрганиб, шу тўғрисида катта монография чиқарган. У шу пайтгача йирик монументал иш бўлиб келди. 1998 йилда эса қазилма натижасида ўрта асрларга оид йўл, алоҳида хоналар, маҳалла очилган. Афсуски, унинг томи очиқ қолганлиги сабабли ҳозирга келиб ҳаммаси вайронага ўхшаб қолган.
Шўролар замонида, кейин мустақилликнинг дастлабки ўн йиллигида Қубо шаҳристонида археологик қазишмалар олиб борилди, лекин тез орада тўхтаб қолганди. Сўнгги йилларда эса у яна археологлар эътиборига тушди. Бунда Фарғона давлат университети олимлари ва вилоят ҳокимлиги ташаббусини алоҳида таъкидлаш лозим.
– Бу ерда қадимги туркий халқларнинг аждодлари яшаганлигини кўрсатиб берувчи кўплаб маълумотлар бор, – дейди профессор Баҳриддин Усмонов. – Шундай Фарғонага қўшни бўлган Тошхош воҳасида жуда катта Қанг давлати шаклланган. Жуда кўп олимларнинг фикрича, уни туркий халқларнинг аждодлари барпо қилишган. Айнан мана шу Қанг давлатидаги маданият белгилари Фарғона водийсида ҳам жуда кўп учрайди. Бу эса Фарғона водийсида туркий халқларнинг аждодлари қадимдан яшаганини кўрсатиб берувчи асосий маълумотлардан бири.
– Евроосиё минтақасида жуда катта чорвадор қабилаларнинг миграцияси кузатилади. Хонлар, вужийларнинг юришлари... Ана шу жараён Фарғона водийсида ҳам кечган ва бирданига шаҳарлар пайдо бўлган. Хоразмда Аяз қалъа ёдгорлиги бор. Булар иккаласи бир хил, ромб шаклида. Иккинчидан, ўша даврда катта-катта давлатлар пайдо бўлади. Ўрта Осиёда Қанглар давлати. Унда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ҳудудларини қамраб олган 5 та кўчманчилар бирлашмаси бўлган. Ёзма манбаларда Фарғона Қанг билан қўшни сифатида, яъни у билан иттифоқ тузган давлатлар сифатида тилга олинади, – дейди профессор Муталиб Ҳасанов.
Қубо шаҳристони анъанавий тарзда арк (ҳокимият қароргоҳи), шаҳристон (аҳоли яшаган асосий қисм), рабод (ҳунармандлар ва савдо ҳудуди) қисмларидан иборат бўлган. Бу ерда очиқ осмон остидаги музей лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун иш ёдгорликнинг Хонсарой ва Арк қисмидан бошланади.
–Хитой ёзма манбаларида атрофи тоғлар билан ўралган довонда 70 дан ортиқ шаҳар бор экан, деган маълумот бор, – дейди профессор Муталиб Ҳасанов. –Бир хил турдаги шаҳарларнинг бирданига пайдо бўлиши жуда катта миграция билан боғлиқ. Милоддан аввалги 4-3 асрларда водийда Мингтепа, Эйлатон, Ахсикент каби шаҳарлар бирданига пайдо бўлди. Қува ҳам ана шулар тенгдоши. Милоддан аввалги 3-2 асрларда Шаҳристон 12 гектар, яна 2 гектар сарой билан қад кўтарган.
– Аркдаги иморатлар нисбатан яхши сақланган. Сабаби тепага транспорт воситалари чиқиб нам пайтида босмаган. Натижада иморатларнинг қолдиқлари бу ерга нисбатан анча яхши сақланган, – дейди Муҳаммаджон Исомиддинов.
– Биз турган жой Қува шаҳристонининг шимолий дарвозаси ҳисобланади, – дейди докторант Насибулло Қамбаров. –Лоян археологик тадқиқотлар институти билан Фарғона давлат университети ҳамкорликда 2023 йилдан бошлаб қидирув тадқиқотларини бошлади. Тавшан методикаси орқали Шаҳристоннинг шимолий ва ғарбий мудофаа деворларининг бузилиб кетган қисмларини таъмирлаш орқали унинг пойдевор қисми аниқланди.
– Араб ёзма манбаларида ҳоким саройи ва бошқа ёндош иншоотлар ўрнида жуда катта жомъе масжиди қурилганлиги тўғрисида хабар бор, – дейди олим Муҳаммаджон Исомиддинов. – 2022 йилда биз очган жойда темирчилик, шишасозлик, кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш ривожланган. Масалан, шишанинг қалинлиги ниҳоятда нозик эди. Буларни ўрганиш учун яна экспедиция уюштиришга муҳтожмиз.
Қубо милодий VII-VIII асрларда Фарғонанинг йирик маданий, ҳунармандчилик ва савдо маркази сифатда машҳур эди. Араб манбаларида Қубо буддавий ибодатхоналари мавжуд шаҳар сифатида қайд этилган.
– Бу ерда қазишмалар натижасида ер сатҳидан 40 см чуқурликдаёқ будда ҳайкалининг йиқилган қисми аниқланган, – дейди доцент Алишер Алиохунов. – Яна бир қанча буддавийлик динига тааллуқли бўлган ҳайкалчалар ҳам топилган. Улар реставрация қилиниб, Ўзбекистон давлат тарих музейи ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейига топширилган.
Қубо шаҳристонида олиб борилган қазишмалар натижасида шаҳар деворлари, ибодатхона, турар жойлар, кулолчилик буюмлари, тангалар ва турли маиший ашёлар топилган.
Айниқса, будда ибодатхонаси қолдиқларининг аниқланиши Фарғона водийсида буддавий маданият кенг тарқалганини тасдиқлайди.
– Қазув ишлари давомида ушбу йўл саройни ибодатхона билан боғлайдиган асосий йўл эканлиги тасдиқланди ҳамда мудофаа девори билан сарой оралиғида эшик бўлганлиги ҳам тасдиқланди, – дейди Насибулло Қамбаров.
Қубо шаҳристонида Фарғона давлат университети олимлари томонидан ўрганиш ишлари қайтадан бошланди. Бунда улар хитойлик археолог ҳамкасбларини ҳамкорликка олдилар.
– Лоян археологик тадқиқотлар институти билан шартнома имзоладик, – дейди Фарғона давлат университети проректори, профессор Юсуфжон Аҳмадалиев. – Қува шаҳристонида Лоян археология институнинг профессори Лю Бин бошчилигида тадқиқот олиб борилди. Кейин иккинчи институт – Хитойнинг шимолий ғарбий университети олимлари келишди. Профессор Ванг раҳбарлигида иккинчи экспедиция бу ердаги тадқиқотлар ривожланишини янги босқичга кўтарди.
– Шанси археологик тадқиқотлар институти энг фаол ҳамкорларимиздан бири саналади, – дейди доцент Наргиза Алимова. –Улар билан биргаликда олиб борилган ҳамкорлик доирасида илмий марказ, музей, Фарғона – Шанси реставрация маркази ташкил қилинди. 2024-2025 йилларда 2 нафар профессор ўқитувчи ҳамда 16 нафар талабаларимиз айнан Шимолий ғарбий университет, Муян халқаро университетида амалиёт ўтаб қайтдилар, ўзаро тажриба алмашдилар.
Қазишма ишларида топилган асори-атиқа ва ашёларни сақлаш учун университет тарих факультети қошида махсус музей ташкил этдилар.
– Бу лабораториямизда Қува шаҳристонидаги топилмалар, яъни кўза ва шиша буюмларини талабалар ва тадқиқотчилар биргаликда қайта реставрация қилишмоқда, – дейди тарих факультети декани Ҳусниддин Жўраев. – Қазишма ишларида топилган кўза, сопол, шиша буюмларидан музей ҳам ташкил қилинди.
Бугунга келиб археология соҳасидаги ҳамкорлик кенгроқ миқёсда давом эттирилмоқда.
–Хитойга ҳар йили 20 нафар талабаимиз археология бўйича амалиёт ўташ учун юбориладиган бўлди. Фарғона давлат университетида 3 та янги, замон талабларига жавоб берадиган лаборатория ташкил қилинди, – дейди Юсуфжон Аҳмадалиев.
Маълумки, Қубо шаҳристони каби тарихий обидаларда ҳар қандай қазиш, таъмирлаш, тадқиқот ишлари мамлакат Маданий мерос агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Аммо...
– Бизда, Маданий мерос агентлигининг ташкилотларида битта ҳам археолог йўқ. Қандай қилиб археология мутахассислиги бўлмаган одамлар турли археологик қазилмалар устидан раҳбарлик қилиши мумкин, – дейди профессор Муҳаммаджон Исомиддинов.
Шунга қарамай, Қубо шаҳристонида эзгу ишлар бошлаб юборилди. Яқин келажакда у юртимизнинг яна бир сайёҳлик марказига айланиши кутиляпти.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/0O9guxrm5B0?si=JcH-ymcOLoiqSGKF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат),
ЎзА