Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
QR-кодсиз савдога барҳам берилди
18:27 / 2026-02-11

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси маълумотига кўра, пойтахт ҳудудида яширин иқтисодиётга қарши курашиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда солиқ маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот, хатлов ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сергели туманидаги йирик савдо мажмуаларида ўтказилган ўрганишлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жойида бартараф этилди.

Хусусан, “GOLDEN LIFE” савдо марказида 97 та тадбиркорлик субъекти тўлиқ хатловдан ўтказилди. Текширув жараёнида 38 та савдо нуқтасида QR-код мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, 8 нафар ходимнинг меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмагани аниқланиб, улар билан меҳнат шартномалари қонунчиликка мувофиқ тартибда расмийлаштирилди. Кўрилган чоралар натижасида савдо тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 136,2 фоизга ўсди.

Шунингдек, “Sergili Trading Solution” МЧЖ ҳудудида фаолият юритаётган 29 та чакана савдо субъектида ҳам хатлов жараёнлари ўтказилди. 15 та ҳолатда QR-код ўрнатилмагани, 7 нафар ходим эса норасмий ишлаётгани аниқланди. Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг фаолият қонуний асосга келтирилди. Натижада савдо тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 186,1 фоизга ошиши таъминланди.

Амалга оширилаётган бундай манзилли ва тизимли тадбирлар яширин иқтисодий фаолиятни “соя”дан чиқариш, ҳалол тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда бюджет тушумларини оширишга хизмат қилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА