Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳасида фуқароларга янги қулайликлар яратилмоқда.
2023 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса бутун республика ҳудудида туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби жорий этилмоқда.
Бунда туғилганлик ҳолати тиббиёт муассасаларида QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш тақиқланади.
Туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан белгиланган миқдорда герб йиғими ундирилган ҳолда расмийлаштириб берилади.
Янги қулайликлар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 сентябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 27 октябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида яратилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Мутахассислар никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали ариза қабул қилиш бўйича 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 июлга қадар Сирдарё вилоятида ҳуқуқий эксперимент ўтказилаётганини маълум қилди.
Яна бир янгилик эса айрим оворагарчиликларга барҳам беради. Яъни фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришда тегишли хулоса олиш учун сўров ички ишлар органларига “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали юборилиши мумкин. Бунда ички ишлар органлари томонидан ҳужжатларни ўрганиб чиқиш муддати 20 кунга қисқарган.
Айтиб ўтиш керакки, ФҲДЁ органларининг 56 миллиондан ортиқ архив маълумотлари рақамлаштирилган ва “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилган.
Шунингдек, никоҳга кириш ҳақида ариза берилганда никоҳланувчи шахсларнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинини хабардор қилиш тартиби, никоҳ ва ажрим қайд қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатга штамп қўйиш, ўлим ҳолатини қайд қилишда ФҲДЁ бўлими томонидан вафот этган шахснинг паспорти ва ҳарбий гувоҳномасини олиб қолиш тартиби бекор қилинди.
Меҳнат муносабатлари бўйича ҳам янгилик бор. Яъни, ФҲДЁ органида бир йил иш стажига эга бўлганлар тизимда раҳбарликка номзод бўлиши мумкин.
Янги тартибга асосан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Гулистон шаҳарларидаги никоҳ уйлари ФҲДЁ бўлимлари этиб қайта ташкил этилди.
Илгари бу никоҳ уйлари фақат никоҳни қайд қилиш билан шуғулланган бўлса, эндиликда бошқа турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш ваколатига эга бўлди.
Н.Абдураимова,
ЎзА