Бугунги кунда QR-кодлар аллақачон оддий нарсага айланган, лекин кўпчилик аслида у ҳақида тушунчага эга эмас.
Биз ҳар куни оқ фонда сирли қора квадратчали тасвирларни реклама афишаси ёки журнал саҳифаларида ва ҳатто бизнес карталарида, товарлар этикеткаларида, коммунал тўловлар квитанцияларида ёки сайтлар саҳифаларида кўрамиз.
QR-код (“Quick Response Code” - тезкор аниқланадиган код) 1994 йилда Япониянинг “Denso" компанияси томонидан ишлаб чиқилган икки ўлчовли штрих кодидир (матрис коди). У 2953 байтлик маълумотни битта кичкина квадратга, яъни 7089 та рақам ёки 4296 та ҳарф, 1817 иероглиф жойлаштириш имконини беради. Бу коднинг асосий афзаллиги шундаки, уни сканерловчи ускуна (мобиль телефон, фотоаппарат) ёрдамида осон ва тез ўқиш мумкин.
QR-код қўлланишининг асосий тамойили шундаки, у гиперҳавола тарзида ишлай олади. Бу бирданига кўп маълумот ҳақида хабар бериш зарур бўлган ҳолатларда ёки уни соддалаштириш керак бўлганда жуда қулай восита саналади. QR-код электрон маълумотлар узатиш принципига асосланади. Бу, айниқса, кўп миқдордаги ахборотни узатиш ёки ундан фойдаланишни соддалаштиришда қўл келади. QR-код сурати маҳсулот ёки хизматни танлаш жараёнини енгиллаштиришга ёрдам беради, ахир қадоқ ёки реклама ёрлиғидаги мана шу кичик квадратчада 4296 тагача белги сиғдирилади. У алоқа жараёнини оптималлаштиришга ҳам хизмат қилади, масалан, аксарият ҳолатларда ташриф қоғозидаги нишончада биргина тугмани босиш билан контактларингиз рўйхатига қўшиладиган телефон рақами шифрланган бўлади. Шу билан биргаликда, QR-код ёрдамида ҳаволадан ўтиш, электрон хат, СМС юбориш, манзил жойлашувини билиш ва бошқа кўплаб амалларни бажариш мумкин.
QR-код орқали тўловларни кенг оммалаштириш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ рақамли банкингни ривожлантириш Концепциясига мувофиқ QR-код орқали тезкор тўловни амалга оширишнинг “QR-online” универсал тўлов тизими билан ишлаш имконияти яратилган.
Мазкур тизим доирасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари “Ўзмиллибанк” АЖ филиаллари орқали QR-кодни шакллантириб, рўйхатдан ўтказишлари талаб этилади. Харидорлар томонидан Milliy мобиль иловаси дастури воситасида савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг QR-кодларини сканер қилиш ҳамда харид суммасини киритиш орқали тўловлар амалга оширилади. Бунда пул маблағлари мобиль иловага бириктирилган банк карталари ҳисобварақлари ва электрон пул ҳамёнлардан ҳисобдан чиқарилади.
Бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖ фаолият юритувчи 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари QR-код технологияси асосида тўлов тизимига уланган бўлиб, улар сонини ошириш бўйича белгиланган вазифалар бажариб келинмоқда. Банк мижозларига ва кенг жамоатчиликка “Milliy” мобиль иловасидан фойдаланиб, “QR-online” технологияси орқали тўловлар ўтказиш қулайликлари ва имкониятлари тўғрисида маълумотлар берилмоқда.
Cавдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари “QR-online” тизими орқали мижозлардан қабул қилинган ва банк ҳисобварақларига кирим қилинадиган маблағларни “Теlegram” тармоғидаги “@onlineqrbot” канали, мижознинг банк шахсий кабинети ҳамда sms-хабарнома хизмати орқали онлайн режимида назорат қилиб боришлари мумкин. Мазкур тизим мавжуд муқобил тўлов хизматларидан фарқли ўлароқ, халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими билан узвий боғлиқликда ишлайди.
Тўлов хизматлари бозорида “QR-online” тизимининг ишга туширилиши кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезкорлигини оширишга, нақд пулсиз ёки банк карталарисиз ҳисоб-китоблар кўламини янада кенгайтиришга имкон беради.
Шерзод Бакаев,
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Чакана бизнес департаменти бош мутахассиси